БМТ Бош Ассамблеясининг қарорига кўра, 1997 йилдан буён 16 ноябрь ҳар йили бутун дунёда “Халқаро бағрикенглик куни” сифатида нишонланиб келинади. 2019 йилда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бу сана Ўзбекистонда ҳафталик доирасида кенг нишонланди. Бу йил ҳам ушбу анъанани давом эттириб, 9-16 ноябрь кунлари юртимизда “Маърифат ва миллатлараро бағрикенглик” шиори остида “Бағрикенглик ҳафталиги” бўлиб ўтди. 7 кун давомида ҳафталик доирасида брифинг, давра суҳбатлари, конференциялар, фотокўргазма ва бошқа маданий-маърифий ва илмий-амалий тадбирлар ўтказилди.
16 ноябрь ҳафталикнинг якуний куни ҳам қизиқарли учрашув ва музокараларга бой бўлди. “Диний бағрикенгликни таъминлашда минтақадаги давлатларнинг тарихий қадриятларини ўрганиш ва тарғиб қилиш” мавзусидаги халқаро онлайн конференцияда хорижий мамлакатларнинг миллатлараро муносабатлар соҳасида фаолият юритувчи экспертлари ва олимлари, дипломатик ваколатхоналар раҳбарлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистондаги диний конфессиялар, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, Миллий маданий марказлар, Дўстлик жамиятларининг раислари, шунингдек ОАВ вакиллари иштирок этди.
Конференция Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ва Дин ишлар бўйича қўмита томонидан ҳамкор ташкилотлар билан бирга ташкил этилди.
Жамиятда миллатлараро ҳамжиҳатлик ва бағрикенгликни таъминлашга қаратилган давлат сиёсатининг мазмун-моҳияти, Марказий Осиё мамлакатлари билан дўстлик алоқаларни мустаҳкамлаш борасида Дўстлик жамиятларининг фаолияти, динларда бағрикенглик масалалари, Ўзбекистондаги диний бағрикенгликнинг тарихий илдизлари каби долзарб масалалар конференция ишининг асосини ташкил этди.
Иштирокчилар бугунги кунда инсоният турли геосиёсий ва мафкуравий курашлар, терроризм, экстремизм, фундаментализм, сепаратизм, одам савдоси, “оммавий маданият” каби таҳдидлар гирдобида – мураккаб вазиятда яшаётганлигига эътиборни қаратдилар. Бундай шароитда ҳар бир давлатнинг миллий яхлитлигини сақлаш, жамиятни маънавий-ахлоқий соғломлаштириш, ўсиб келаётган ёш авлодни миллий ўзликни англаш руҳида тарбиялаш ниҳоятда долзарб вазифа эканлигини таъкидлашди.
Маълумки, бизнинг Ватанимиз минг йиллар давомида турли цивилизациялар мулоқотга киришган ва бир-бирини тўлдирган Буюк ипак йўлининг муҳим чорраҳасида жойлашган. Бу заминда турли маданият ва дин вакиллари тинч-тотув ва ҳамжиҳатликда яшаган. Мусулмон дунёси тараққиётида улкан роль ўйнаган халқимиз менталитетининг асосини том маънодаги бағрикенглик, олижаноблик ва эзгулик каби фазилатлар ташкил этади.
Шу маънода мамлакатимизда Миллий маданий марказларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, миллати, ирқи ва диний эътиқодидан қатъий назар, фуқаролар онгида кўп миллатли ягона оила туйғусини мустаҳкамлашга катта эътибор қаратилмоқда.
Шу куннинг ўзида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида Миллий маданий марказларнинг халқ амалий санъати ва миллий ҳунармандчилик асарлари кўргазмаси ташкил этилди. Кўргазмада мамлакатимизда фаолият олиб бораётган Миллий маданий марказлар ўзларининг анъанавий ҳунармандчилик асарлари кўргазмасини томошабинлар диққатига ҳавола этишди.
Кўргазманинг очилиш маросимида сўзга чиққан Қўмита раиси ўринбосари Азамат Тошев юртимизда “Бағрикенглик ҳафталиги”ни ўтказилиши жамиятда фуқароларнинг миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқодлари, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар тенглигини таъминлашга қаратилган миллатлараро муносабатлар соҳасидаги давлат сиёсатининг ёрқин ифодаси эканлигини таъкидлади. Шунингдек, у умумбашарий маданиятнинг ажралмас қисми бўлган халқ амалий санъати дунёдаги ҳар бир халқ ҳаётида, унинг турмуш тарзи ва қадриятлари ривожида алоҳида ўрин тутишига эътиборни қаратди.
Шу маънода, халқ амалий санъатини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, бу бебаҳо бойликни келгуси авлодларга безавол етказиш, бу йўлдаги саъй-ҳаракат ва имкониятларимизни бирлаштиришда мана шундай кўргазмаларнинг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир.
Кўргазма Қўмита томонидан Миллий маданий марказлар ҳамда “Истиқболли авлод” ижтимоий ахборот маркази билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда қозоқ, қирғиз, туркман, рус, украин, уйғур, бошқирд, қрим-татар ва бошқа миллатлар вакилларининг халқ амалий санъати ва миллий ҳунармандчилик асарлари танлови ўтказилди. Нуфузли ҳакамлар ҳайъати аъзолари томонидан энг яхши экспозиция учун ғолиб деб топилган Миллий маданий марказлар диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.
Тадбирда Республика Миллий маданий марказларининг ҳаваскор жамоалари томонидан ижро этилган миллий куй ва қўшиқлари кўргазма иштирокчилари ва меҳмонларига байрамона кайфият бағишлади.
Шубҳасиз, юртимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элат вакиллари ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш, эзгуликка, меҳр-мурувватга даъват этишга қаратилган тадбирлар жамиятимизда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, дўстлик муҳитини ва кўп миллатли катта ягона оила туйғусини мустаҳкамлаш, ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳурматлаш руҳида тарбиялаш, хорижий мамлакатлар билан маданий-маърифий ва дўстлик алоқаларни кенгайтиришга хизмат қилади.