Ўзбекистонликларнинг 23 минг нафардан ортиғи 2020 йилда Россия фуқаролигини олди, деб хабар бермоқда Россия ИИВ матбуот хизмати. 2019 йилда бу кўрсаткич 19,4 минг кишини ташкил этганди.
Россия фуқаролигини олганларнинг аксарияти Украина (405,5 минг киши), Тожикистон (63,4 минг киши) ва Қозоғистон (43,4 минг киши) фуқаролари бўлган. Ўзбекистон аҳолиси Россия фуқаролигини олган давлатлар топ-5 талигидан ўрин олган.
Хабарда айтилишича, Ўзбекистонликлар, шунингдек, расмийлаштирилган яшаш гувоҳномасининг 24 мингдан ортиғини, вақтинчалик яшаш ҳужжатининг 14,5 мингтасини ҳам қўлга киритган.
Ўтган йилда ўзбекистонликларнинг 1 миллиондан ортиғи ишлаш, 18 мингдан ортиғи ўқиш, 5,6 минг нафари эса туризм мақсадида Россияга ташриф буюрган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда бир шахс ҳам Ўзбекистон, ҳам бошқа давлат фуқаролигида юриши мумкин эмас.
Аввалроқ Ўзбекистонликлар сўнгги 5 йил ичида Қирғизистон фуқаролигини олган хорижликларнинг 55 фоизини ташкил этгани ҳақида хабар берилган эди.