Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусановнинг таъкидлашича, эндиликда ишсизлик нафақаси барча тоифадаги ишсизларга 12 ойлик давр ичида 26 календарь ҳафта давомида тўланиши белгиланмоқда.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусановнинг матбуот анжуманида маълум қилишича, янги таҳрирдаги «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги қонун кучга кириши билан ишсизлик нафақаси ҳам ўзгаради.
«Аввал ишсизлик нафақаси илгари ишламаган ва биринчи бор иш қидираётганларга 12 ойлик давр мобайнида фақат 13 ҳафта тўланган бўлса, эндиликда ишсизлик нафақаси барча тоифадаги ишсизларга 12 ойлик давр ичида 26 календарь ҳафта давомида тўланиши белгиланмоқда», — деди вазир.
Нафақалар миқдорлари:
- ишдан сўнгги 12 ой ичида маҳрум бўлганларга — аввалги ишидаги ўртача ойлик маошининг 50 фоизи, лекин меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан оз бўлмаган ва нафақани ҳисоблаш пайтидаги ўртача иш ҳақидан ортиқ бўлмаган миқдорда;
- иш ва маошдан маҳрум бўлган ҳамда 1 йилдан ортиқ танаффусдан кейин меҳнат фаолиятини қайта бошлаётганларга — МҲТЭКМнингнинг 1 баравари — 1 февралдан 747 300 сўм;
- илгари ишламаган ва биринчи марта иш қидираётган шахсларга — белгиланган МҲТЭКМнинг камида 75 фоизи миқдорида.
Таъкидланишича, мазкур чоралар натижасида ишсизлар иш қидириш даврида моддий қўллаб-қувватланади ва 80 мингга яқин ишсизларга нафақалар тайинланади.