2020 год glavnaya

АҚШлик кузатувчи: Бухорони яхши кўраман

Халқаро матбуот маркази мажлислар залида халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказувчи вилоят сайлов комиссияси раиси М.Олимовнинг Биродар шаҳарлар халқаро ташкилоти (АҚШ) раиси ўринбосари Кэрол Робертсон Лопес билан билан учрашуви бўлиб ўтди. Бу хақда Халқаро матбуот маркази Бухоро вилоят бўлими раҳбари Акбар Рустамов маълум қилди.

М.Олимов Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига 2019 йил 22 декабрда бўлиб ўтадиган сайловлар муносабати билан сайлов жараёнларига кузатувчи сифатида Бухоро заминига келганлиги муносабати билан меҳмонларни қутлади ва уларнинг келгусидаги ишларига омадлар тилади.

Мулоқотда К.Робертсонга юртимизда кечаётган сайлов жараёнлари ҳақида қисқача маълумот берилди.

Таъкидланишича, вилоят бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказувчи 9 та, вилоят кенгаши сайловларини ўтказувчи 60 та, туман ва шаҳарларда сайлов ўтказувчи 364 та сайлов округлари ҳамда 591 та сайлов участкалари мавжуд.

Жорий йилги сайловларда барча сайловчиларга таклифномалар тарқатилиб, унда сайлов участкаси тартиб рақами, телефон рақами, жойлашган манзили, сайлов ўтказиладиган вақт (8.00-20.00) акс эттирилган.

Фуқаролар ушбу таклифномада кўрсатилган манзилдаги участкага бориб, яширин овоз бериш йўли билан ўзлари истаган номзодга овоз берадилар.

Жорий йилги сайловларнинг яна бир ўзига хос хусусияти шундаки, эндиликда 5 та сайлов участкасидаги овоз бериш жараёнлари онлайн тарзда Марказий сайлов комиссияси сайти орқали транслация қилиб борилади. Улардан биттасида эса рўйхатга олиш жараёни фақатгина биометрик паспорт орқали амалга оширилади.

— Бухорони яхши кўраман. Санта-фе-Бухоро биродарлашган шаҳарлар ташкилоти раҳбари бўлганим учун, ушбу шаҳарга бир неча бор келганман, — дейди Кэрол Робертсон Лопес. – Ҳар гал келганимда янги таассуротлар билан қайтаман. Ушбу сафаримда эртага бўладиган сайловларни кузатаман. Ҳозирдан айтиш жоизки, Ўзбекистонда бу борада кенг миқёсда тайёргарлик ишлари олиб борилибди. Хусусан, 12500 нафардан ортиқ кузатувчиларни ўқитиш, айниқса илк маротаба тажриба сифатида қўлланилаётган сайловчиларнинг электрон рўйхатини шакллантириш, бу борадаги масъул мутахассисларни ўқитиш жуда мураккаб жараён эканлигини яхши тушунаман. Эртага бўладиган сайлов жараёнларининг муваффақиятли ўтишида барчага омад тилайман.