Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз бир йиллиги арафасида Ўзбекистонда илк бор нишонланаётган 21 октябрь Ўзбек тили байрами куни муносабати билан жорий йилнинг 15 октябрь куни “Тараққиёт стратегияси” марказида хорижий давлатларда истиқомат қилаётган ватандошлар иштирокида “Қадринг баланд бўлсин, она тилим” мавзусида онлайн видеоконференция бўлиб ўтди.
Конференциянинг мақсади — ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, униб-ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат, улуғ аждодларимизнинг бой меросига ворислик руҳида тарбиялаш, давлат тилини ривожлантириш борасида халқаро ҳамкорликни жадаллаштиришдан иборат.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва xорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда “Тараққиёт стратегияси” маркази билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти, Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда “Тараққиёт стратегияси” маркази раҳбарияти ва мутасадди ходимлари иштирок этишди.
Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси ўринбосари Азамат Тошев она тили – миллатнинг руҳи эканлигига эътибор қаратиб “она тили ҳам ҳар бир давлатнинг мадҳияси, байроғи ва герби каби мамлакат мустақиллигини белгиловчи мезонлардан биридир. Шу боис байрам арафасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 23 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида миллий бойлигимиз, мустақил давлатчилигимиз тимсоли бўлган ўзбек тилида нутқ сўзлаши барча туркий тилли халқлар учун тарихий воқеа бўлиб, барчамизнинг қалбларимизни ғурур ва ифтихор туйғусига тўлдирди.
Она тилимизни ривожлантириш, давлат тилининг халқаро миқёсдаги ўрни ва нуфузини ошириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар келажакда миллий маънавиятимизни юксалтириш, жамиятимизда эзгу инсоний фазилатларни камол топтириш, ёшларни она тилига муҳаббат руҳида тарбиялашда мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади, — дея таъкидлади.
Анжуман давомида шунингдек иштирокчилар томонидан, ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши халқимизнинг миллий мустақилликка эришиш йўлидаги муҳим қадамларидан бири бўлгани қайд этилиб, сўнгги уч йилда мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби тилимиз тараққиётида ҳам муҳим ўзгаришлар юз бергани айтиб ўтилди. Таъкилдандики, “Давлат тили ҳақида”ги қонун она тилимизнинг бор гўзаллиги ва жозибасини тўла намоён этиш билан бирга, уни илмий асосда ривожлантириш борасида ҳам кенг имкониятлар яратди.
Конференцияда хорижий мамлакатларда истиқомат қилаётган ватандошларимиз, жумладан, АҚШдаги “Ўзбек-Америка” жамияти раиси Олим Шарипов, Қозоғистон Республикаси “Дўстлик” ўзбеклар этномаданий жамоат бирлашмалари раиси Икрам Хашимжанов, Тожикистон Республикаси Сўғд вилояти ўзбеклар маънавият-маърифат маркази раиси Илхом Юсупов Туркиядаги туркистонликларга маданий ва ижтимоий ёрдамлашиш жамияти раиси Акбар Ясса ва бошқалар ZOOM онлайн платформаси орқали Ўзбекистонда сўнгги йилларда тилга алоҳида эътибор берилаётгани хусусида ўз фикр ва мулоҳазаларини билдиришди. Тадбир якунида онлайн мулоқот иштирокчилар ўртасида савол-жавоблар ташкил қилинди.
Тил – миллат тафаккурининг бебаҳо хазинаси, улкан бойлиги сифатида ижтимоий ҳаётда муҳим аҳамият касб этиши яна бир бора қайд этилди.