2020 йил glavnaya Популярные новости Янги Ўзбекистон

ҲАЁТИЙ ВА ДОЛЗАРБ МАСАЛАЛАР ТЎҒРИСИДА

Ўзбекистон Президентининг Парламентга мурожаатини халқимиз ҳар йили ўзига хос қизиқиш, ишонч билан кутади. Бунинг боиси, унда халқимиз, фарзандларимиз ва мамлакатимизнинг келгуси ҳаётини белгилаб берадиган муҳим ва устувор вазифалар ҳамда аниқ йўналишлар белгилаб берилади.

Ортга назар ташлаб, келажакни кўра олиш ҳар бир соҳадаги жараёнларни бамаслаҳат хал этиш ҳаёт тарзимизга айланиб бормоқда. Шунинг учун мурожаатномада поёнига етаётган йил натижалари тахлил этилди. Рақамлар, натижалар, ислохотлар самаралари аниқ мисоллар асосида шархлаб берилди. Синовларга бой бўлган бу йилда халқимиз иродаси янада мустаҳкамланди. Пандемия шароитига қарамасдан иқтисодиётимизда ўсиш кузатилди. Бунда айниқса ўсиб келаётган авлодларнинг ўрни муҳим бўлди.

Бу йилги мурожаатнома, ғоят ҳаётийлиги ва долзарб масалаларга бағишланганлиги билан ажралиб туради. Чунки бу, янги Ўзбекистоннинг учинчи уйғониш давридаги биринчи мурожаатномаси.

Айни натижаларни янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Президенти кириб келаётган 2021 йилга “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлиги йили” деб ном берди.

Бу номнинг негизида чуқур мазмун ва моҳият бор. Чунки ёшлар — бизнинг келажагимиз. Уларни дойимо қўллаб-қуватлаб, йўл-йўриқ кўрсатиб туриш, хар бир инсоннинг бирдан-бир бурчи бўлмоғи лозим. Ёшларимиз қанчалик илмли–билимли, соғлиғи мустаҳам бўлса, улар мустақил Ўзбекистон равнақи ва ривожига ўзларининг ҳиссаларини қўчиш имконига мушарраф бўлади. Соғлом ота-онадан, соғлом фарзандлар дуниёга келади. Бу эса, халқимизнинг асосий бойлигидир.

Синовларга бой бўлган 2020 йилда халқимиз иродаси янада мустаҳкамланди. Пандемия шароитига қарамасдан, иқтисодиётимизда ўсиш бўлганлигининг гувоҳи бўлдик.  Бунда айниқса ўсиб келаётган авлодларнинг ўрни муҳим эканлиги ҳам алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси билан Марказий Осиё миқтақасидаги қўшни мамлакатлар билан дўстона алоқалар қайта тиклангани, азалий ришталар янгича мазмунда давом эттирилаётгани халқимизнинг хоҳиш ва истаклари, орзуларини ўзида ифода этмоқда.

Давлатимиз раҳбари 2021 йилда амалга ошириладиган энг муҳим йўналишларни алоҳида қайд этиб ўтар экан, хорижий ҳамкорликни кенгайтириш, Афғонистонда тинчлик ўрнатиш, чет эллардаги фуқароларимизни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ватандошлар” жамғармасини ташкил этиш таклифлари мажлис иштирокчилари томонидан олқишларига сазовор бўлди. Жамиятда миллатлараро тотувликни сифат жихатдан янги босқичга олиб чиқиш мақсадида “Халқлар дўстлиги куни” ўтказилиши эълон қилинди.

Мурожаатномада таъкидланган муҳим масаллардан яна бири бу — Ўзбекистон фуқаролигини бериш тартиби. Энг муҳими, ўтган йили 1995  йилгача юртимизга кўчиб келган 50 минг нафардан ортиқ шахсларга Ўзбекистон фуқаролиги берилганлиги таъкидланди. Келгуси йилда эса, бу ишларни янада давом эттириб, 2005 йилгача мамлакатимизга келиб доимий яшаётган, фуқаролиги бўлмаган шахсларга ҳам тўғридан-тўғри фуқаролик бериладиганлигини ҳам қайд этди. Бу эса, яна 20 минг киши Ўзбекистон фуқароси деган гап.

Ўзбекистонда яшаётган барча миллат ва элатлар миллати, тили ва динидан қатъи назар, тенг ҳуқуқ ва эркинликларга эга экани мамлакат Конституцияси ва қонунларида мустаҳкамлаб қўйилган. Барча миллат вакилларига ўз миллий маданияти, анъана ва урф-одатларини сақлаш ҳамда ҳар томонлама ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратилган.

Бугун Ўзбекистонда 130дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оила бўлиб яшамоқдалар. Улар барча соҳа ва тармоқларда фидокорона меҳнат қилиб, бозор иқтисодиётига асосланган ривожланган демократик ҳуқуқий давлат қуришга ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришга катта ҳисса қўшмоқда. Мустақиллик йилларида миллий маданий марказларнинг 100дан ортиқ фаоллари Давлат мукофотларига сазовор бўлдилар, орден ва медаллар билан тақдирландилар, жумладан 14 нафарига «Ўзбекистон Қаҳрамони» юксак унвони берилди. 2020 йил мен учун бахтли йил бўлди. Менинг камтарона меҳнатим ҳам назардан четда қолмади. Ёзувчи ва олим сифатида менга юртбошимиз томонидан “Дўстлик” орденининг топширилиши шунинг ёрқин исботидир.

Мухтасар айтганда, инсоният учун энг катта бойлик тинчликдир, унинг манбаи эса ҳамжиҳатлик. Ўзаро тотувлик ва дўстлик, бағрикенглик ва инсонпарварлик тамойиллари барқарор гўшадагина инсон эмин-эркин яшайди, ҳар қандай орзусига эришади.

Ўзбекистонда яшаётган барча миллат ва элатлар бугун ўз ҳаётидан рози бўлиб, эртанги кунга катта ишонч билан яшамоқда. Уларни муштарак тарих ва маданият, ўхшаш менталитет, маънавий-ахлоқий қадриятлар ва анъаналар ҳамда ажралмас дўстлик чамбарчас боғлаб туради.

 

                                                Қалдибек СЕЙДАНОВ

Ўзбекистон қозоқ миллий маданий маркази

оқсоқоллар кенгаши раиси, “Дўстлик”  ордени соҳиби