Жорий йилнинг 8 февраль куни буюк шоир ва мутафаккир, ўзбек тили ва мумтоз адабиётининг асосчиси Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига бағишланган ўзбек-инглиз онлайн форуми бўлиб ўтди. Ушбу тадбирда Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Маданият вазирлиги, Британиянинг “Евроосиёнинг консерватив дўстлари” ташкилоти, “Буюк Британия-Ўзбекистон” дўстлик жамияти ҳамда бошқа бир қатор ҳамкор ташкилотлар кўмагида Ўзбекистон Республикасининг Буюк Британиядаги элчихонаси томонидан ташкил этилди.
Онлайн форумда икки мамлакат парламентлари депутатлари, олимлар ва санъат арбоблари, ёзувчи ва шоирлар, филологлар ва адабиётшунослар, журналистлар ва блоггерлар ҳамда хориждаги ватандошлар иштирок этишди.
Форумнинг очилишида Ўзбекистон томонидан ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Ш. Асадов, Олий Мажлис Сенатининг ёшлар, маданият ва санъат қўмитаси раиси Б. Сайфуллаев, маданият вазирининг ўринбосари К. Оқилова сўзга чиқиб Алишер Навоийнинг бадиий ижодининг моҳиятига тўхталиб ўтдилар.
Британия томонидан рақамли технологиялар ва маданият бўйича давлат вазири Керолин Дайнаж, парламентнинг юқори палатаси аъзоси лорд Питер Лилли, Лондон давлат котиби, бизнес, энергетика ва саноат стратегияси бўйича маслаҳатчиси Пол Скулли иштирок этдилар.
Онлайн тадбирда Алишер Навоий миллатимизнинг фахри, ўзбек миллий адабиётининг тенгсиз вакили эканлиги, Ўзбек она тилига муҳаббат ва эҳтиром бизнинг онгимизга, аввало, Навоий асарлари билан кириши, Ҳазрат Алишер Навоий ҳам Ўрта аср Уйғониш даврининг бошқа буюк сиймолари сингари инсонпарварлик ғоялари, бадиий-эстетик қарашлари, бетакрор шеърий асарлари билан бутун умри давомида инсон тафаккури ривожига беқиёс ҳисса қўшгани таъкидланди.
Буюк Британия давлат вазири Керолин Дейж XV асрда инглиз савдогарлари ва саёҳатчилари Буюк Ипак йўлининг Самарқанд, Бухоро ва Хива каби афсонавий шаҳарларига ташриф буюриб, нафақат савдо-сотиқ, балки турли хил цивилизациялар вакиллари ўртасидаги маданий алолқаларни йўлга қўйишганлигини таъкидлади.
Тадбирда “BBC” ўзбек хизмати томонидан форум учун махсус суратга олинган ҳужжатли фильм намойиш этилди, унда Ўзбекистон, Афғонистон, Туркия, Россия ва Канаданинг мутахассислари буюк шоир Алишер Навоий ижодий мероси ва асарларининг долзарблиги ҳақида сўз юритилади. Шунингдек, Британиянинг машҳур сиёсатчилари ва жамоат арбоблари шоирнинг шеърларини инглиз тилида ўқиган видеоролик намойиш этилди.
Тадбирда Британиялик шоир Эндрю Станиланд ўзининг “Янги девон — Хазрат Алишер Навоий” деб номланган асарини, ўзбек шоири Аъзам Обид эса Алишер Навоийнинг инглиз тилига таржима қилган “Сенсиз” номли ғазаллар тўпламини тақдимоти ҳам барчада катта таъсурот қолдирди.
Онлайн форумда ҳозирги кунда Буюк Британия музейлари, кутубхоналари ва фондларида буюк ўзбек мутафаккирлари қўлёзмаларининг катта тўплами ҳамда Марказий Осиё тарихи билан боғлиқ маданий асарлар мавжудлиги, икки мамлакат олимлари ва мутахассислари ушбу нодир асарларни ўрганиш, уларни каталоглаш бўйича яқиндан ва самарали иш олиб бораётганлиги айтиб ўтилди.
Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар нафақат сиёсий ва иқтисодий ҳамкорликни, балки икки мамлакат ўртасидаги ўзаро маданий-гуманитар алоқаларни, айниқса, таълим, фан ва санъат соҳасидаги алоқаларни ривожлантиришга ҳисса қўшиши таъкидланди.
Тадбир сўнггида “Устазода” ансамбли томонидан “қаро кўзим”, “наво”, “муножат” сингари Алишер Навоий ғазаллари асосида яратилган ўзбек мумтоз қўшиқлари жонли ижро этилди.