2020 год glavnaya Популярные новости Мероприятия

АНОНС Бағрикенглик ҳафталиги ҳақида

БМТ Бош ассамблеясининг қарорига кўра, 1997 йилдан буён
16 ноябрь ҳар йили бутун дунёда “Халқаро бағрикенглик куни” сифатида нишонланиб келинади. Бу санани бизда, Ўзбекистонда нишонлаш ҳам яхши анъанага айланган.

Мазкур муҳим вазифаларни амалга ошириш мақсадида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси Халқаро бағрикенглик кунига бағишлаб мамлакатимизда 11–16 ноябрда Бағрикенглик ҳафталигини ўтказиш юзасидан ташаббус билан чиқди.

Ҳафталик давомида турли маданий, маънавий-марифий ва илмий-амалий тадбирларни ўтказиш режалаштирилган.

Тадбирлар ташкилотчилариМиллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Дин ишлари бўйича қўмита, Ташқи ишлар, Адлия, Маданият, Халқ таълими вазирликлари, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар.

Дастур доирасида 11 ноябрь соат 10.00да куни Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида мамлакатимизда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, хорижий давлатлар билан дўстлик алоқаларини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ОАВ вакиллари ҳамда интернет блоггерлари иштирокида катта пресс-конференция ўтказилади.

Матбуот анжуманида масъул вазирлик ва идоралар, миллий маданий марказлар, дўстлик жамиятлари ҳамда республикада фаолият олиб бораётган диний конфессиялар раҳбарларининг ахборотлари эшитилади.

Шу куннинг ўзида Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида “Ўзбекистон – умумий уйимиз” фестивали лауреатларини тақдирлаш маросими ҳамда рассомлар ва миллий маданий марказларнинг ёш ижодкорлари бадиий асарлари кўргазмаси очилади.

12 ноябрь куни соат 09.00да А.Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университетида Миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятларининг фуқаролик форуми ўтказилади.

Форумда миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятларининг фаолияти, эришилган ютуқлар, улар дуч келаётган муаммолар ва таклиф этилаётган ечимлар, хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари ва чет элдаги ватандошлар билан ишлашда “халқ дипломатияси” тамойилининг аҳамияти, миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари фаолиятига оид қонунчиликни такомиллаштириш масалалари ва бошқа долзарб масалалар юзасидан маърузалар билан давлат органлари ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этишади.

Шу куни соат 17.30да “Туркистон” санъат саройининг катта залида “Ўзбекистон – умумий уйимиз” шиори остида Ўзбекистон санъат усталари ҳамда миллий маданий марказлар қошидаги бадиий жамоалар ва ҳаваскорлар гуруҳларининг гала-концерти бўлиб ўтади. Концерт давомида миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни тараннум этувчи мусиқий чиқишлар намойиш этилади.

15 ноябрда 09.00дан 17.00гача “International Hotel Tashkent” меҳмонхонаси, “Амир Темур” мажлислар залида “Марказий Осиё – умумий уйимиз” халқаро конференцияси бўлиб ўтади.

Тадбир давомида Марказий Осиё давлатларининг минтақавий ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, маданий-гуманитар соҳада алмашинувни кенгайтириш, икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлашда халқ дипломатияси ролини кучайтириш, халқ дипломатиясини амалга оширишда миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятларининг аҳамияти ва улар олдида турган вазифалар ва бошқа долзарб масалалар муҳокама этилади.

Шунингдек, республиканинг барча умумтаълим мактаблари ва академик лицейларида ҳафта давомида Бағрикенглик фестиваллари ўтказилиб, улар доирасида қатор маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилиши кўзда тутилган.

Тадбирларимизга таклиф этамиз.

 

Қўмита ахборот хизмати

 Тел: 71 239 43 68, 98 304 61 08