Миришкор – кўп миллатли туман. Бу ерда ўзбек, тожик, туркман, араб, татар сингари 20 дан зиёд миллат вакиллари бир оила фарзандларидай тинч-тотувликда ҳаёт кечириб келмоқда. Яратилган кенг шароитлар боис улар асрий удум ва анъаналарининг бардавомлигини сақлаб, ардоқлаб келишаяпти. Тўй-тадбирлар борми, ҳашар борми, ҳамиша ёнма-ён. Қуда-анда, дўст-биродар бўлиб яшаётган бу турли миллат эгаларини эт билан тирноққа ўхшатиш мумкин.
Араблар зич яшайдиган Қашқадарё вилоятида 1991 йилда Араб миллий маданий маркази ташкил этилган бўлиб, у бугунги кунга қадар фаол ишлаб келмоқда.
Марказ ташаббуси билан Жейнов шаҳарчасида қадимги технологиялар асосида машҳур араб гиламларини тўқиш корхонаси, араб тилини ўргатиш курслари ташкил этилган. Шу ернинг ўзида ўзбекистонлик арабларнинг анъаналари ва урф-одатлари тўғрисида ҳикоя қилувчи этнографик музей ҳам фаолият кўрсатади.
Шунингдек, марказ қошида қадимги араб қўшиқлари ва рақсларини ижро этувчи “Ал Арабия” фольклор ансамбли фаолият юритади. “Ўзбекистон – умумий уйимиз” дўстлик ва маданият фестивалларининг бир неча бор ғолиби бўлган этнографик жамоа ўзига хос ижоди ва санъати билан оммавий байрам тадбирлари ва миллий тўйларнинг безаги ҳисобланиб келмоқда.