Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 октябрь куни имзоланган “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлаш мақсадида юртимизда ва хорижий мамлакатлардаги дипломатик ваколатхоналаримизда шоир туғилган қутлуғ 9 февраль санасини адабиёт ва маърифат байрами сифатида юксак даражада нишонланмоқда. Улуғ сўз санъаткорининг асарлари нашр этилиб, навоийшунослик соҳасида кўплаб тадқиқотлар республика ва халқаро миқёсда илмий анжуманларда муҳокама қилинмоқда.
Шу муносабат билан 2021 йил 4 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига бағишлаб “Алишер Навоий ижодий меросининг башарият маънавий-маърифий тараққиётидаги ўрни” мавзусида адабий-бадиий тадбир ўтказилди.
Тадибирда Қўмита маъсул ходимлари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети профессор-ўқитувчилари ва талабалари, миллий маданий марказлар фаоллари, адабиётшунос олимлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Адабий-бадиий тадбирнинг мақсади — Алишер Навоий асарларида теран ифода топган миллий ва умуминсоний ғояларнинг жаҳон тамаддунида тутган ўрнини ҳамда ўсиб келаётган ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, улар қалбида юксак ахлоқий фазилатларни тарбиялашдаги беқиёс аҳамиятини назарда тутиб, шунингдек, улуғ шоирнинг адабий-илмий меросини мамлакатимизда ва халқаро миқёсда янада кенг тарғиб этишдан иборат.
Қў мита раиси ўринбосари Азамат Тошев йиғилганларни буюк алломамиз таваллудининг 580 йиллиги билан самимий қутлаб, она тилига муҳаббат, унинг беқиёс бойлиги ва буюклигини англаш туйғуси онгу шууримиз, юрагимизга аввало Навоий асарлари билан кириб келишини таъкидлади. Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий умумбашарият маданий хазинасидан муносиб ўрин олган ўлмас асарларини айнан она тилимизда яратиб, унинг шуҳратини бутун дунёга ёйди. Жонажон Ватанимиз “Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари” деган бош тамойил асосида тараққиётнинг бутунлай янги босқичига қадам қўйиб, янги Уйғониш даври — Учинчи Ренессанс пойдеворини яратаётган бугунги кунда Алишер Навоийнинг безавол адабий мероси мисолида ўзбек адабиёти ва маданиятини чуқур ўрганиш ва оммалаштириш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этишини қайд этди.
Тадбирда сўзга чиққан олимлар сўнгги йилларда Алишер Навоийнинг бой ва серқирра ижодий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, унинг ўлмас асарларини юртимизда ва хорижий мамлакатларда кенг тарғиб қилиш ҳамда хотирасини абадийлаштириш борасида қатор ишлар амалга оширилаётганлигини алоҳида таъкидлашди. Навоий ижодини ўрганишга бўлган қизиқиш янада ошиб бораётганлигини, унинг асарлари оламшумул аҳамиятга эгалигини ва бутун дунё шоир шахсига ҳурмат бажо этишининг боиси у илгари сурган ғоялар ҳеч қачон эскирмаслигида эканлигини эътироф этдилар.
Ўтказилган адабий-бадиий кеча аҳоли, шу жумладан болалар ва ёшларда фуқаролик бурчини англаш, ватанпарварлик, шаън ва қадр-қиммат, фуқаролик масъулияти, шунингдек, бағрикенгликка асосланган миллатлараро муомала маданияти ҳис-туйғусини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Тадбир доирасида бир гуруҳ талабалар Навоий ғазалларидан намуналар ўқиб беришди, театрлаштирилган саҳна кўринишлари намойиш этилди, Республика Озарбайжон миллий маданий маркази фаоллари томонидан тайёрланган концерт дастури билан йиғилганларни хушнуд этдилар.