Жорий йилнинг 28 январь куни Ўзбекистон Республикасининг Брюссель шаҳридаги элчихонасида Бельгияда яшайдиган ўзбек диаспорасининг бир гуруҳ фаол вакиллари иштирокида онлайн давра суҳбати ўтказилди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил
29 декабрь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасининг мазмун ва моҳиятини хориждаги ватандошларга етқазиш ҳамда 2021 йил «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлиги» йилида Мурожаамномада кўтарилган устувор вазифалар асосида ватандошлар билан ҳамкорликда амалга ошириладиган тадбирлар муҳокамасига бағишланди.
Мазкур онлайн давра суҳбатига Дания, Люксембург ва Нидерландия мамлакатларида истиқомат қиладиган, турли халқаро ташкилотларда ва хусусий секторда ишлайдиган ватандошлар ҳамда олий ўқув юртларида таълим олаётган талабалар онлайн боғланишди.
Онлайн давра суҳбатини очиб берган элчихона катта маслаҳатчиси Равшан Маматов, давлатимиз Раҳбари томонидан Олий Мажлисга йўлланган Мурожаатнома бўйича тақдимот қилди. Ҳужжатнинг мазмун-моҳиятини барча қатнашчиларга тушинтирди, унда билдирилган фикрлар, режалар ҳамда ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий йўналишлардаги устувор вазифалар ҳақида маълумот берди. Мурожаатнома барча соҳа вакиллари учун дастурий ҳужжат бўлиши таъкидланди.
Қўмита бўлим бошлиғи З.Абидов Ўзбекистонда яшаётган миллат ва турли элат вакиллари ўртасида дўстлик муносабатларини мустаҳкамлаш ҳамда хорижда яшаётган, юқори билим ва тажрибага эга бўлган ватандошлар билан ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича ўтган йилларда Қўмита томонидан амалга оширилган ишлар хусусида ахборот берди.
Ватандошларимиз томонидан тузилган уюшмалар, диаспорал ташкилотлар билан ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга. Чунки хориждаги ҳамюртларимиз қалбида юрт билан фахрланиш туйғусини мустаҳкамлаш, у ерда туғилиб ўсаётган фарзандлар орасида урф-одатларимиз ва она тилимизни кенг ёйишда бундай тузилмаларнинг ўрни катта. Онлайн мулоқотда ҳам юртимиздаги турли миллат вакиллари ҳамда хориждаги ҳамюртлар билан ишлаш бўйича Мурожаатномада илгари сурилган ташаббусларнинг аҳамияти, кўлами ва ижро механизмига тўхталиб ўтилди.
Шу муносабат билан, бугунги кунда хориждаги фаол ватандошлар билан ҳамкорликда ўзбек тили, тарихи ва маданиятини онлайн ўқитиш механизми ишлаб чиқилаётганлигини маълум қилинди.
Анжуман давомида Бенилюкс мамлакатларида истиқомат қилувчи ватандошлар билан дўстона алоқаларни янада ривожлантириш ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида элчихона томонидан 2021 йилда ўтказилиши режалаштирилаётган маданий-маърифий, илмий-амалий тадбирлар режасининг лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.
Ўз навбатида тадбирда қатнашган ҳамюртлар Ўзбекистон раҳбариятининг ватандошлар билан ҳамкорликни фаоллаштиришга, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга ҳамда ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратаётганлиги учун миннатдорлик билдириб, Мурожаатномада баён қилинган таклиф ва ташаббусларни ҳамкорликда амалга оширишга тайёр эканлигини маълум қилишди.
Хусусан, 30 июль Ўзбекситонда «Халқлар дўстлиги куни» деб эълон қилинганлигини ҳамда ватандошлар фондини тузиш бўйича ташаббусларни юқори баҳолашди.
Онлайн мулоқот сўнгида ватандошлар томонидан хорижда истиқомат қилаётган ватандошларнинг фарзандлари учун онлайн ўзбек тили курсларини ташкил этиш таклиф этилди.