Германиянинг йирик кутубхоналаридан бири — Берлин давлат кутубхонасининг Шарқ бўлимида 21 октябрь — Ўзбек тили байрами кунига бағишланган маърифий кеча ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Кутубхонасининг Шарқ бўлими 1919 йил ташкил этилган бўлиб, унда Европадаги энг муҳим коллекциялар тўпламлари жамланган. Шарқ қўлёзмалари ва босма нашрлари тўплами тахминан 42 минг жилддан иборат.
Анжуманда мамлакатимизда ўзбек тилини ривожлантириш, унинг давлат тили сифатида мавқеини янада мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган ишлар юзасидан маълумот тақдим этилди. Шунингдек, ўзбек тили бугунги кунда нафақат Ўзбекистон, балки кўплаб хорижий давлатлар олий ўқув юртларида, жумладан Берлиндаги Гумбольд номли университетда ҳам ўқитилаётгани алоҳида қайд этилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбек тилини ривожлантириш давлат департаменти, Ўзбекистон Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти томонидан тайёрланиб, нашр этилган беш жилдли «Ўзбек тилининг изоҳли луғати» кутубхона фондини бойитиш учун топширилди.
— Ўзбек тилида сўзлашувчи барча-барчани Ўзбек тили байрами куни билан табриклайман ва ушбу сана арафасида кутубхонамизда учрашиб турганимиздан хурсандманд, — деди Берлин давлат кутубхонаси Шарқ бўлими раҳбари Кристоф Раух. — Тилни сақлаб қолиш ва янада ривожлантириш учун уни қўллаб-қувватлаш зарур. Ушбу йўналишдаги лойиҳа — беш жилдлик «Ўзбек тилининг изоҳли луғати» тўпламини кутубхонамиз фондига совға қилани учун Ўзбекистон элчихонасига самимий миннатдорлигимни билдираман. Мазкур луғат кутубхонамиз фондини кенгайтириб, янада бойитади. Бизда Яқин Шарқ ва Марказий Осиёга оид китоблар ва қўлёзмалар тўпламлари мавжуд бўлиб, улар ичида Ўзбекистонга оид манбалар муҳим ўрин тутади. Университетлар ва илмий тадқиқот марказлари талаба ҳамда тадқиқотчилари улардан доимо фойдаланиб келади.
Таъкидлаш керакки, кейинги йилларда Ўзбекистоннинг маданий- илмий ташкилотлари ва элчихонаси билан алоқаларимиз ривожланиб бормоқда. Айниқса, 2016 йил ўзбек адабий тили асосчиси Алишер Навоий юбилейига бағишлаб элчихона билан ҳамкорликда кутубхонамизда ўтказилган халқаро конференция кенг жамоатчилик ва олимлар эътирофига сазовор бўлди. Ўзбекистондан келган қўлёзма манбаларини ўрганиш бўйича қатор делегациялар билан учрашувлар ўтказдик.
Албатта, ушбу луғатлар тўплами нафақат кутубхонамиз фондини бойитиб қолмасдан, балки Германияда ўзбек тили ва маданиятини ўрганувчилар учун беқиёс бир манба бўлиб хизмат қилишига ишончим комил.