2020 йил glavnaya Популярные новости Янги Ўзбекистон

Боғчадан олий таълимгача — ўғил-қизларга жинсий тарбиядан таълим берилади

Сенат раиси Танзила Нарбаева жинсий тарбияни ёшликдан бошлаш зарурлигини таъкидлади. Жумладан, мактабгача таълимда ёшга мос қилиб, юқори синфлар ва олий таълимда йигит-қизларни оилага тайёрлаш, репродуктив саломатликка ўқитиш кераклиги айтилди. «Биз ёпганимиз сари интернет очиқ. У салбий оқибатларга олиб келаяпти», — деди юқори палата раиси.

12 ноябрь куни Ўзбекистон Гендер тенглиги масалалари бўйича комиссияси матбуот анжуманиуюштирди. Унда Олий Мажлис Сенати ҳамда комиссия раиси Танзила Нарбаева болалар боғчасидан тортиб, то олий таълимгача жинсий тарбиядан таълим берилиши зарурлиги ҳақида гапирди.

«Газета.uz» мухбирининг хабар беришича, раис 2018 йилда 9 та, 2019 йилда 11 та ва 2020 йилда 3 марта қиз ўғирлаб кетиш ҳолати кузатилганини қайд этган. У шунингдек, никоҳ эр ва хотин розилиги билан бўладиган масала экани, йигит ва қиз ўз хохишига кўра никоҳга кириши лозимлиги, ҳеч ким, хатто ота-онанинг ҳам мажбурлашга хаққи йўқлигини айтган.

Танзила Нарбаева сўзида давом эта туриб, бу каби ҳолатларга билимсизлик сабаб бўлаётгани, айниқса, жинсий тарбия масаласи ҳануз ёпиқ мавзу бўлиб қолаётганини таъкидлади.

«Гинеколог масаласида қизлар кўринмаслиги керак деган стереотиплар бор. Жинсий тарбия масаласи биз учун ёпиқ мавзу ҳисобланади. Ҳеч ким гапириши мумкин эмас. Деярли кўп оилаларда, ҳаттоки ота-она ҳам фарзандларига шу нарсаларни гапирмайди. Бу нотўғри. Биз ўйлаймизки, жинсий тарбияни ёш болаликдан олиб бориш керак», — деди Сенат раиси.

Танзила Нарбаева жинсий тарбияда у сўзларни ишлатмаса ҳам она қизига, ота ўғлига айтиб бориши кераклигини айтди. Таъкидланишича, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги қошида Маҳалла ва оила институти ташкил этилган. Унда ота-оналарга қиз ва ўғил болаларга жинсий тарбия мавзусида қанақа кўникма бериш кераклиги бўйича катта лойиҳа бошланган.

«Президентимиз ташаббуси билан мактабларда тарбия дарси киритилди. Вазирликларга шу тарбия дарсида, албатта, жинсий тарбия йўналиши, гендер тенглик масалаларини киритишни, қизларни алоҳида, ўғил болаларни алоҳида ўқитиш, тайёрлаш вазифасини қўйдик. Ҳозир тарбия дарс соатларига мана шу нарсалар киритилган. Ўқув дастурларини шу даражада нозиклик, билим билан қилишимиз керакки, ўғил бола, қиз болага керакли билимни беришимиз лозим. Мактабгача таълимда ёшга мос қилиб, ўзини доирасида, юқори синфларда ва олий таълим муассасаларида қизлар ва ўғил болаларни оилага тайёрлаш, репродуктив саломатлик, туғиш, сақланиш, қариндош уруғлик никоҳлари ва бошқалар тўғрисида очиқдан-очиқ маълумотларни беришимиз керак», — деди Танзила Нарбаева.

Шу билан бирга, оила, мактаб, таълим муассасаларида аёл киши қизларга, эркак киши эса ўғил болаларга ушбу мавзуни очиқдан-очиқ тушунтириши кераклиги айтилди.

 «Биз ёпганимиз сари интернет очиқ. Интернетда ёмон нарсаларни ўрганаяпти [ёшлар — таҳр.]. У салбий оқибатларга олиб келаяпти. Шунинг учун ундан кўра, дўст бўлиб, дугона бўлиб, ота, ака-ука бўлиб, маълумотни бергани, менимча фойдалироқ бўлса керак», — деди юқори палата раиси.

Бундан ташқари, Нарбаева никоҳ қураётган ёшларни тиббий кўрикдан ўтказиш масаласига ҳам тўхталиб ўтди.

«Никоҳланувчи шахсларнинг тиббий кўрикдан ўтиш масаласи бор. Лекин ҳаммаси формал бўлиб қолди. ЗАГС йўлланма беради, 5 та йўналиш бўйича диспансерлардан ҳисобда турибдими, йўқми маълумот олади. Ҳисобда турмаса, касалмас деб ёзиб беради. Ёки бўлмаса, СПИД [ОИТС — таҳр.] деган жойда йўқ деб ёзиб беради. У рўйхатда турмаган бўлсачи? Касаллик бор бўлсачи? Сенатимизни келаётган 20 ноябрдаги ялпи мажлисида никоҳланувчи шахсларни тиббий никоҳдан ўтказиш масаласини парламент сўрови тартибида ҳукуматга киритмоқчимиз. Мана шу масала ҳозир қай даражада долзарб? 17 йил бўлибди қарор қабул қилинганига. Ҳозирги кун талабига жавоб бераяптими, йўқми?», — дея таъкидлади.

Матбуот анжуманида соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Эльмира Баситханова ўсмир қизларни тиббий кўрикдан ўтказиш заруриятига изоҳ берди.

«Ўсмир қизларни биз, албатта, тиббий кўрикдан ўтказишимиз керак. Уларнинг касалини эрта топишимиз керак. Битта мисол келтираман, Хоразмда 14 ёшар қизнинг қорнида ўсимта пайдо бўлиб, катталашаётгани кўринган. Ота-онаси ва тиббиёт ходимларидан чексиз миннатдорман. Оммавий тиббий кўрикдан ўтишда аниқланган. Онкологик эмас, безарар ўсимта бўлган. Операция қилингач, қиз тўлақонли ҳаётга, ҳеч қандай руҳий тушкунликка тушмасдан яна қайтиб келди», — дея қайд этди Элмира Баситханова.

Cоғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Эльмира Баситханова. 

У, шунингдек, қизларнинг касалини яшириш урфга бўлиб қолгани ва буни бартараф қилиш учун қандай чора кўрилаётганини айтди.

«Бирор-бир оилада қиз касал бўлса, ҳеч кимга айтмаган маъқул деган масала бўлгани учун президент қизларни аёллар даволанадиган гинекологга эмас, алоҳида болалар қабул қиладиган жойда «қизлар саломатлик маркази»ни очинглар, деб топшириқ берган эдилар. Бугунги кунда 200 дан ошиқ марказий поликлиникаларда «қизлар саломатлик маркази» мавжуд, оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктларида қизлар хонаси ҳам бор», — деди Баситханова.

loading