МАВЛОНО АБДУРАҲМОН ЖОМИЙ
(1414-1492)
Ислом фалсафий-ирфоний тафаккури ва форс-тожик адабиётининг йирик намояндаси Мавлоно Нуриддин Абдураҳмон Жомий 1414 йил 7 ноябр куни Хуросондаги Харжурд вилоятининг Жом мавзесида таваллуд топган. Унинг аждодлари машҳур тасаввуф шайхи Зиндапил Аҳмад Жомий ҳамда машҳур муҳаддис олим Муҳаммад Шайбонга бориб тақалади. Жомийнинг отаси ҳам Жом вилоятининг шайхулисломи ва ўз замонасининг етук уламоси бўлгани учун унинг даргоҳи илму ирфон ва адабиёт аҳлининг севимли маконларидан ҳисобланган.
Оиланинг Ҳиротга кўчиши, отасининг бу ерда шайх ул-ислом мансабига тайинланиши Жомий ҳаётида катта аҳамият касб этди.
Ёш Абдураҳмон дастлабки маълумотни ўз отаси ва Жомдаги олимлардан олиб, сўнг таҳсилини Ҳирот шаҳридаги Низомия мадрасасида давом эттирди. Ҳиротда унга Хожа Алоуддин Али Самарқандий ва Шаҳобиддин Муҳаммад Жожармий каби машҳур олимлар дарс бердилар. Натижада, у араб тили, фиқҳ, ҳадис, илоҳиёт, тасаввуф, шеърият қоидалари, араб ва форс-тожик адабиёти тарихи ва бошқа фанларнинг асосларини жуда эрта ўзлаштира бошлади. Қисқа муддатда унинг зеҳну фаросати ва ақлу заковати тилларга тушди.
Мирзо Улуғбек замонида Самарқанд шаҳри ислом оламида илм-фан, маданият ва санъатнинг пойтахти сифатида танилган эди. Жомий ҳам 1437 йилда – йигирма уч ёшида илм таҳсили ниятида Самарқандга келиб ушбу фирдавсмонанд шаҳарда олти йил давомида Қозизода Румий ва Ғиёсиддин Коший каби ўша даврнинг буюк олимлари ҳузурида илм ўрганишга муваффақ бўлди. У бу ерда фиқҳшунос олим, араб тили, Қуръони карим ва Ҳадиси шариф бўйича йирик мутахассис Фазлуллоҳ Абуллайс Самарқандий маърузаларидан ҳам баҳраманд бўлди. Бу даврда Мовароуннаҳрда Нақшбандия тариқатининг ўша даврдаги пешвоси Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор Валий билан ҳам дўстона муносабат ўрнатди. Тарихий манбаларда қайд қилинишича, кейинчалик Жомий Хожа Аҳрор Валий билан мулоқот қилиш мақсадида икки марта Самарқанд, бир марта Тошкент ва бир Марта Андижон шаҳарларига келиб, бу ерлардаги табаррук қадамжойларни ҳам зиёрат қилиб кетган экан.
Катта олим сифатида шуҳрат қозонган Жомий Ҳиротга қайтгач, ўз умрини таълим ва ижодга бағишлади. Пири ва қайнотаси – нақшбандий шайх Мавлоно Саъдиддин Кошғарийнинг хонақоҳи Жомийнинг шарофати билан қобилиятли толиби илмларнинг севимли масканига айланди. Айнан шу ерда Амир Алишер Навоий бу улуғ мутафаккир сабоқларидан илк маротаба баҳраманд бўлди. Бу танишув кейинчалик пир-муридлик, устоз-шогирдлик ва дўстликдан ҳам юқорироқ бўлган руҳий-маънавий яқинлик ва маслакдошликка асос солиб, икки қадимий халқнинг дўстлиги тимсолига айланди.
Жомийнинг Нақшбандия тариқатига кириши Мовароуннаҳру Хуросоннинг сиёсий доиралари ва илм-маърифат аҳли томонидан муҳим тарихий воқеа сифатида қабул қилинди. Жумладан, Нақшбандия тариқатининг Хуросондаги улуғ шайхи, Жомийнинг муршиди бўлмиш Саъдиддин Кошғарий “Ҳақ субҳона таъоло биз ошуфтаҳол фақирларга бу соҳибкамол йигитнинг (Жомий – Ж.Х.) суҳбатига етиш шарафини иноят айлади”, деб эътироф этган бўлса, Хожа Аҳрор Валийнинг пешқадам муридларидан бири – Шамсиддин Муҳаммад Зоҳид “Бу улуғ зотни бизга етказган табаррук лаҳзаларга шукроналар бўлсин” дейди.
Шайх Саъдиддин Кошғарий яна бир жойда ўз муридининг юксак мақомига ишора қилиб, “Тариқат майдонига қадам қўйган бу хуросонлик йигитга Бухоронинг Хожагон тариқатида олий бир мартаба насиб этмишдир” дейди.
XV асрнинг калом илми олимларидан бири, шоир Шаҳобиддин Муҳаммад Жожурмий эса бу ҳодисага очиқдан очиқ эътироз билдирди: “Охирги 500 йил давомида Хуросон олимлари орасидан ҳақиқий камолот соҳиби бўлган бир кишигина бор эди (Жомий кўзда тутилмоқда – Ж.Х.), уни ҳам Мавлоно Саъдиддин Кошғарий жаноблари йўлдан урдилар”.
Жомий Нақшбандияга кириб, илмий-адабий муҳитдан узилмади. Мадрасалар, илмий-адабий доиралар билан боғланиб турди. Ҳатто айтиш мумкинки, ўзининг шоҳасарларини ҳам 1453 йилдан, яъни, тариқатга кирганидан кейин ёзди. Жомийнинг чилла ўтирганлиги ё ўтирмаганлиги хусусида манбаларда ҳеч қандай маълумот учрамайди. Аммо шуниси маълумки, у уч ҳалқа орқали Хожа Баҳоуддин Нақшбандга бориб етарди. Жомий жуда қисқа вақт ичида, тахминан 2-3 йилга бормай хирқа кийган ва шайхлик мартабасига эришган. Аммо Жомий хонақоҳда кўп ўтирмади, атрофида муриду мухлислар йиғиб, каромат ва иршод йўлини тутмади. Кароматини илм ва адабиётда кўрсатди, иршод деганда эса ўз асарлари билан нақшбандийларни илму ирфонга ҳидоят этишни тушунди.
Алишер Навойининг “Хамсат ул-мутаҳаййирин” ва “Насойим ул-муҳаббат” асарларидаги Мавлоно Жомий зикри, Абдулғафур Лорийнинг “Нафаҳот ул-унс”га ёзган “Такмила”си, Абдулвосеъ Бохарзийнинг “Мақомоти Жомий” асарида Жомий буюк пир ва муршид, ҳатто ундан ҳам юксакроқ мақомга эга бўлган шахс сифатида тавсифланади. Жумладан, Алишер Навоий пири Абдураҳмон Жомийнинг фазилатларини таърифлаганда “Кошифи сирри Илоҳ” (“Илоҳиёт сирларини кашф этувчи”), “муршиди аҳли тавҳид” (“ваҳдат” – ягоналик тарафдорларининг раҳнамоси”), “пири соликон” (“Тариқат йўловчиларининг пири”), “Ҳодии роҳи фано” (фано йўлининг раҳнамоси») каби сифатларни келтиради. Жомий муршиди Шайх Саъдиддин Кошғарийдан сўнг бир муддат Хуросонда тариқат пешвоси сифатида фаолият юритди, Нақшбандиянинг ўша даврдаги энг буюк пири муршиди Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор Валийга иродат қўлини берди. У бир томондан Хожа Аҳрордан сайру сулук масалаларига оид янги кўрсатмалар олиб турар ва уларни Хуросон муҳитида татбиқ этишга ҳаракат қиларди. Иккинчи томондан, Султон Ҳусайн Бойқаро саройи билан яхши алоқалар ўрнатиб, Ҳиротнинг ижтимоий ҳаётида ҳам фаол қатнашарди. Айниқса, Алишер Навоийнинг 1476 йили Жомийга иродат қўлини бериши ва нақшбандийликни қабул қилиши бу алоқаларни янада кучайтирди.
Хожа Аҳрор Валий тариқатнинг назарий масалалари билан қизиққан муридларга Мавлоно Жомийга мурожаат қилишни маслаҳат бериши ва Жомийнинг Хожа Аҳрор томонидан забардаст олим сифатида эътироф этилиши унинг тариқат олдида турган вазифаларига қилинган ишора эди.
Навоийдек буюк шоир ва мутафаккир, сиёсат арбоби, илм-фан ва адабиёт ҳомийсининг тасаввуф фалсафасига қизиқиши ва унинг сиймосида бутун Нақшбандия тариқатининг маънавий эҳтиёжи Ҳазрат Жомийга тариқатни назарий жиҳатдан мустаҳкамлашда куч-қувват ва илҳом бағишлади. Натижада, Жомийнинг асосий эътибори тариқатнинг ижтимоий-мазҳабий жиҳатлари, сайру сулук ва муридлар тарбияси масаласига эмас, балки ирфон фалсафасининг ваҳдат ул-вужудий масалаларини амалий-мазҳабий тариқатга айланган Нақшбандия таълимотига сингдириш, Шайх ул-акбар Муҳйиддин ибн ал-Арабий ва Хожа Баҳоуддин Нақшбанд таълимотлари қоришмасидан янги ирфоний-фалсафий қарашлар системасини ишлаб чиқишга қаратилди.
Абдураҳмон Жомий умрининг асосий қисмини Ҳиротда ўтказди ва шу ерда машҳур шоир ва мутафаккир бўлиб камолга етди.
У форс-тожик адабиётининг йирик намояндаси сифатида 3 та девон, Низомий Ганжавий ва Хусрав Дехлавийнинг “Хамса”ларига жавобан бешта достон яратиб, уларга яна иккита достонни қўшган ҳолда етти достондан иборат бўлган “Ҳафт авранг” номли достонлар туркумини яратган ва бу билан янги адабий анъанани бошлаб берган бўлса, қомусий аллома ва улуғ шоир сифатида форс-тожик ва араб тилларида илм-фаннинг турли соҳалари – тасаввуф тарихи, ислом ва ирфон фалсафаси, фалсафа, мантиқ, фиқҳ, ҳадис, тафсир, аруз, қофия, адабиёт тарихи, сарф ва наҳв, мусиқага оид 40 дан ортиқ қимматли илмий ва адабий асарлар ёзиб қолдирган.
1502-1503 йиллар Ҳиротда китобат қилинган ва айни пайтда ЎзФА Шарқшунослик институти Қўлёзмалар фондида 1331 рақами остида сақланаётган “Куллиёти Жомий” буюк мутафаккирнинг 38 асарини ўз ичига олади. Ушбу муътабар нусхада муаллиф муқаддимасидан сўнг асарлар қуйидаги тартибда жой олган: 1. “Шавоҳид ун-нубувват ли тақвият ил-футувват”. 2. “Нафаҳот ул-унс мин ҳазарот ил-қудс”. 3. “Нақд ан-нусус фи шарҳи “Нақш ал-фусус”. 4. “Ашиъат ул-ламаъот”. 5. “Лавомеъ фи шарҳи қасидаи мимияи хамрияи Форизия”. 6.“Шарҳи қасидаи Тоия”. 7. “Рисолаи шароити зикр”. 8.“Рисолаи маносики ҳаж”. 9. “Баҳористон”. 10. “Рисолаи арўз”. 11. “Рисолаи мусиқий”. 12. “Лавоеҳ”. 13. Девони аввал – “Фотиҳат уш-шубоб”. 14. Девони соний – “Воситат ул-иқд”. 15. Девони солис – “Хотимат ул-ҳаёт”.
“Куллиёт” ҳошиясидан Жомийнинг қуйидаги асарлари жой олган:
1.Дафтари аввали “Силсилат уз-заҳаб” бо хутбаи “Ҳафт авранг”. 2. Дафтари дуввуми “Силсилат уз-заҳаб”. 3.“Саломон ва Абсол”. 4. Дафтари севвуми “Силсилат уз-заҳаб”. 5. “Тўҳфат ул-Аҳрор”. 6. “Сабҳат ул-аброр”. 7. “Юсуф ва Зулайхо”. 8. “Лайли ва Мажнун”. 9. “Хирадномаи Искандарий”. 10. “Рисолаи кабир дар муъаммо”. – “Ҳуляи ҳулал”. 11. “Рисолаи сағир дар муъаммо”. 12. “Рисолаи мутавассит дар муъаммо”. 13. “Рисолаи қофия”. 14. “Рисолаи муъаммои манзуми асғар”. 15. “Муншаъот”. 16. “Рисолаи суханони Хожа Порсо”. 17.“Шарҳи байтайни “Маснавий”. 18. “Арбаъин ҳадис” – “Чиҳил ҳадис”. 19. “Рисола фил-вужуд”. 20. “Шарҳи байти Амир Хусрав”. 21. “Шарҳи ҳадиси Аберазин ал-Уқайлий”. 22. “Таҳқиқ ул-мазоҳиб”. 23. “Шарҳи рубоиёт”.
Ҳазрат Жомий бир неча маротаба ҳаж зиёрати мақсадида сафарга чиққан, сафари давомида Нишопур, Бастом, Домғон, Қазвин, Ҳамадон, Карбало, Бағдод, Дамашқ, Ҳалаб, Табриз каби шаҳарларни кўрган, бу шаҳарларда юксак иззат-ҳурматга сазовор бўлган.
Мавлоно Абдураҳмон Жомий 1492 йили шамоллаш натижасида хасталаниб, 78 ёшида Ҳиротда дунёдан кўз юмди. Унинг дафн маросимини шахсан Алишер Навоий бошқарди, Султон Ҳусайн Бойқаро эса шу муносабат билан мамлакатда бир йил мотам эълон қилди. Унинг вафотига атаб кўпгина шоирлар, жумладан Ҳазрат Навоий ҳам марсиялар битишди. Навоий марсиясида Жомий вафотининг тарихи “Кашфи асрори илоҳ” (“Илоҳий сирлар кашфи”) деган сўзлардан ҳижрий 898 (мелодий 1492) йил чиқарилган эди.
Жомий ва Навоий тожик ва ўзбек халқлари ўртасидаги дўстлик ва қардошлик ришталарини янада мустаҳкамладилар ва дўсту қардош бўлган бу икки халқнинг азалий дўстлик тимойилига айландилар. Бугунги кунда ЎзФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти Қўлёзмалар фондида Жомий асарларининг XV-XX асрлар давомида турли котиблар томонидан китобат қилинган 550 дан ортиқ қўлёзма нусхалари мавжуд. Бу асарларнинг аксарияти Навоий асарлари билан бирга китоб қилингани ҳам тожик ва ўзбек халқларининг бу икки буюк сиймоси тарих саҳифаларидан ёнма-ён жой олганидан дарак беради.
Жаъфар ХОЛМЎМИНОВ,
Тошкент давлат шарқшунослик университети “Манбашунослик ва тасаввуф герменевтикаси” кафедраси доценти