Машаққатли кунларимиздаги турли вазиятлар журналист ва блогерларни ҳам синовдан ўтказди. Халқни қийнаётган муаммоларни ошкора айтиб, уларга ечим топишда ўзини масъул деб билган ҳар бир замондошимиз салоҳияти ва имконияти борича ҳаракат қилди.
Ана шу жараёнда жамиятимиздаги анча-мунча камчиликлар ва келишмовчиликлар ҳам барҳам топди. Президентимиз ҳар бир чиқишида журналист ва блогерлар (гарчи кўплаб раҳбарларга ёқмаса-да) дадиллик билан кўтариб чиқаётган масалаларни ҳал этиш жамиятимиз ривожи учун муҳим экани боис, уларни ҳамиша қўллаб-қувватлашга тайёрлигини таъкидлайди.
Мурожаатномани тинглаш жараёнида пўртанали ва синовли кечган воқеликлар хаёлимдан ўтар экан, Президентимизнинг: “Танқидий материаллар жойлардаги кўплаб амалдорларга ёқмаслиги, уларнинг тинчи ва ҳаловатини бузаётгани ҳам бор гап. Лекин ошкоралик ва сўз эркинлиги — бу давр талаби. Бу Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг талаби. Ўтган 4 йил давомида жамиятда очиқлик ва ошкоралик, сўз эркинлиги муҳитида яшаш ва ишлашга аста-секин ўрганиб боряпмиз. Қийин бўляпти, лекин ўрганяпмиз. Адолатли журналист ва блогерларнинг танқидий чиқишлари эскича қолипда ишлаётган раҳбарлар фаолиятидаги хато-камчиликларни кўрсатиб, уларни иш услубини ўзгартириш ва масъулиятини оширишга мажбур қилмоқда”, деган сўзлари кўнглимни равшан қилиб юборди.
Таъкидлаш ўринлики, сўз эркинлиги соҳасида ўтган қисқа муддат мобайнида эришилган бу ютуқларни шахсан мен игна билан қудуқ қазиш машаққатига тенглаштираман. Буларнинг барчасига эса давлатимиз раҳбарининг сиёсий иродаси туфайли эришдик.
Чиндан ҳам бир қолипга тушиб қолган раҳбарларимиз сўз эркинлиги муҳитига бора-бора кўникиб боряпти. Бугунги кунда жамият кўзгусидаги ҳар бир доғ зийрак ва ҳушёр журналистлар назарида, блогерларнинг ташвишли нигоҳида жуда тез фурсатларда акс этиши мумкинлигини тушуниб, ҳар бир қадамини ўйлаб босишга ҳаракат қилмоқда. Журналистми у ёки блогерми, ҳаётимиз яхши бўлиши учун жон куйдираётган бир виждонли юртдошимиз эканини англаб бормоқда.
Жамоатчилик фикри давлатимиз раҳбари учун ҳам қанчалар қимматли эканини кутилмаганда ўз йўналишини ўзгартирган воқеликлар силсиласида ҳам кузатиб, гувоҳи бўлиб турибмиз.
Кейинги пайтда оммавий ахборот воситаларини кенг қўллаб-қувватлаш, уларни ҳимоя қилиш жараёнида жиддий тўсиқлар ва муаммолар кўзга ташланмоқда. Журналист ва блогерларга энг мураккаб вазиятларда ёрдам қўлини чўзиши, тиргак бўлиши зарур бўлган ташкилот — Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги эса улар кутган маънавий ҳамда моддий кўмакни бера олмаяпти. Шу боис, давлатимиз раҳбари мазкур агентлик ишини танқидий қайта кўриб чиқиш лозимлигини айтиб ўтди. Энг кўп ҳолатларда газета ва журналлар обунаси, матбуотда ёритилаётган долзарб танқидий-таҳлилий мақолаларга бўлган муносабатлар масаласи журналистларимизни боши берк кўчага олиб кираётганини тан олишимиз керак.
Энди бундан буёғига журналист ўзини кўрсата оладиган минбар газеталар, босма нашрлар аҳволи ўнгланиши зарур. Яна бир нарсадан умид қиламан — қиёсий, таҳлилий мақолалари билан жамиятимизда катта ўрин тутиб келган профессионал журналистлар мактабини асраб қолишимиз жуда муҳим. Холис фикрни айта оладиган жасоратли журналистлар сафи ҳам янада кенгайиши керак. Шу маънода, ҳамкасбларимизнинг ҳамиша жамият олдида юзлари ёруғ, қадамлари дадил, қаламлари эса ўткир бўлаверсин!
Шерзодхон ҚУДРАТХЎЖА,
Журналистика ва оммавий коммуникациялар
университети ректори,
Халқаро пресс-клуб раиси