Ўт балоси, сув балосидан ўзинг асра, дея бежизга айтилмаган. Шу йилнинг 20 ноябрь куни ярим тунда содир бўлган ёнғин балосини эшитган инсон борки қалби ларзага келди. Мудҳиш ёнғин шу куни тунда тўрт нафар инсоннинг ҳаётига зомин бўлди.
Сирдарё туманининг “Ихлос” кўчаси 23 — уй хонадонида ака-укалар оиласи — Мухтор Эменов унинг турмуш ўртоғи Сайёра ҳамда уч нафар фарзанди , Сиддиқжон Эменов турмуш ўртоғи Раъно ва уларнинг икки нафар фарзанди бирга аҳил-иноқ бўлиб бир ҳовлида, бир том остида яшаб келишаётганди. Шу куни Сайёра тунги сменага ишга кетди. Қолган оила аъзолари жамулжам бўлиб кечки таомдан кейин телевизор кўришди. Иброҳимжоннинг уйқуси келиб амаки акаси Матниёзга эргашди. Бирор соат чамаси ўтиб Йўлдошнинг ҳам уйқуси келди. Ётоқхона эшигини очиши билан димоғига тутун ҳиди урилди. Телевизор кўраётган отасини ёрдамга чақириш учун югурди. Аммо ҳаво кириши натижасидами тепадаги тутун аралаш олов алангага айланди. Уйнинг тепа қисми ўпирилиб туша бошлади. Томнинг шифт қисми ўпирилиб ёрдамга шошилган ота — бола Мухтор ва Йўлдошларни босиб қолди. Икки болага қўшилиб улар ҳам аланга ичида қолишди. Бир зумда бутун уйни қамраб олган ёнғин ичидан икки оиланинг уч нафар фарзанди ва катта оила бошлиғини қутқаришнинг иложи бўлмади. Тунги соат иккилардан сўнг содир бўлган бу офат натижасида оила бошлиғи Мухтор Эменов (46 ёшда) ва унинг 19 ёшли фарзанди Матниёз, 16 ёшли ўғли Йўлдош Қосимовлар ва укасининг 14 ёшли фарзанди Иброхим Қосимовлар ана шу бахтсиз ҳодиса туфайли ҳаётдан бевақт кўз юмишди.
Республика Уйғур Миллий маданий маркази раҳбари Халима Баратова ҳамроҳлигидаги Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти Уйғур Миллий маданий марказлари раҳбарлари Олимжон Заетов, Нурмуҳаммад Тўхтаев ва тадбиркор Фаридам Қорақошлар ҳам Сирдарё туманига ташриф буюриб бошига мусибат тушган оила холидан хабар олишди. Марказ раҳбарлари томонидан бу оилага 40 миллион сўмликдан зиёд пул маблағлари ва уй-рўзғор анжомлари ёрдам тариқасида топширилди. Вақтинчалик акалари уйида истиқомат қилаётган хонадон аъзолари билан бўлган суҳбатдан сўнг улар бориб ёниб кетган уй ҳолатини ҳам ўрганишди.
—Сирдарё туманидаги бу оила бошига тушган мусибатни эшитиб бефарқ бўлолмадик, — дейди Ҳалима Баратова- — Дастлаб хонадон эгаларининг пластик картасига 30 миллион сўмликдан зиёд пул маблағларининг тушишини ташкиллаштирдик. Шунда ҳам кўнглимиз тўлмай хонадон эгалари ҳолидан хабар олишни лозим топдик.
Деярли куйиб кул бўлган фақат тўрт деворигина қолган уйда ҳашар йўли билан тиклаш ишлари олиб борилаётган экан. Аммо, Халима Баратова, Олимжон Заетов, Нурмуҳаммад Тўхтаев ҳамда тадбиркор Фаридам Қорақошлар уйнинг аҳволини ўрганиб, бир неча дақиқалик қизғин суҳбатларидан сўнг бир тўхтамга келишди.
Улар бу оила аъзолари учун мана шу ҳовлидан янги уй қуриб беришга аҳд қилишганини билдиришди.
— Биз Сирдарё туман ҳокими Ботир Мирзақулов, туман ҳокими муовинлари Дилшод Темиров, Нурали Мирзаев, шунингдек, Сирдарё вилояти Ермулк кадастр корхонаси Сирдарё туман филиали раҳбари Қодирбек Усеровларга ҳам алоҳида миннатдорчилик билдирамиз,- деди Ҳалима Баратова. — Улар ҳам ёнимизда туриб ўз ваколатлари доирасида бу оилага қўлларидан келганча ёрдам кўрсатишмоқда. Яқин кунлар шу ҳовлидан янги уй-жой қурилиши ишларини бошлаймиз.
— Ҳа, халқимиз саховатининг чеки, чегараси йўқ. Бу ноёб хислат Сардоба сув тошқинидан сўнг қилинган амалий ишларда ҳам ўз ифодасини топганди. Бугун ҳам халқимиз дўст бошига иш тушганида уларни ёлғизлатиб қўйишгани йўқ.
Одамлар қараб туришмаяпи. Ҳар ким қўлидан келган ёрдамни беришга интилмоқда. Турли миллат ва элат вакиллари доимо бир тану бир жон эканликларини эл бошига иш тушганида янаям ёрқинроқ намоён этишади. Бу гал ҳам шундай бўлди.
Аллоҳим барчани ўт балоси ва сув балосидан Ўзи асрасин.
Дилором Эсонова,
Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси.