2020 йил glavnaya Популярные новости Янги Ўзбекистон

Давлат тилини ривожлантиришнинг ҳуқуқий жиҳатлари

Адлия вазирлигида ушбу мавзуда зоом платформасида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Давра суҳбатида Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти, Адлия вазирлиги ва унинг ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти, “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳамда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш fгентлиги вакиллари иштирок этди.

Давра суҳбатида маърузачилар томонидан “Давлат тили ҳақида”ги қонунни такомиллаштириш зарурати ва унда белгиланган талабларга риоя этилиши, Ўзбекистонда давлат тилини ривожлантириш истиқболлари, қонун ҳужжатларидаги давлат тили, жумладан  атамаларни қўллаш билан боғлиқ муаммолар ҳамда давлат тили масалаларини такомиллаштиришда ҳуқуқ ва тилнинг интеграциясини таъминлаш мавзуларига тўхталиб ўтилди.

Шунингдек, унда давлат тили масаласида бир қатор муаммолар анча йиллардан бери ҳал қилинмай, тўпланиб қолганлиги таъкидланди.

Жумладан, жорий йилнинг январь-март ойлари давомида Адлия вазирлигига турли вазирлик, идора ва ташкилотлардан жами 8031 та хат ва ҳужжатлар келиб тушган бўлиб, уларнинг 1 200 дан ортиғи (15-18 фоизи) бошқа тилларда (асосан рус тилида) эканлиги, бу эса давлат ташкилотлари ва идораларида ҳамон давлат тилида иш юритиш бўйича муаммолар борлигини, давлат хизматчиларида давлат тилида иш юритиш кўникмаларини шакллантириш лозимлиги, ўзбек терминологияси социология, сиёсатшунослик, молия ва ҳоказо соҳалардаги барча нозик маъно фарқларини ўзида акс эттирувчи бой атамалар базасига эга эмаслиги ҳамда турли тиллардан аслиятдан таржималарни кўпайтириш, шунингдек, ўзбек тилида маданий, илмий, бадиий манбалар базасини бойитишимиз лозимлиги айтиб ўтилди.

Давра суҳбати якунида мутахассислар томонидан давлат хизматчиларида давлат тилида иш юритиш кўникмаларини ошириш лозимлиги, универсал ўзбек тили грамматикаси ва ўзбек тилини замонавий ўқитиш тизимини ишлаб чиқиш кераклиги, терминология соҳасида ҳозир биз учун стандартлаштириш ва унификация муҳим аҳамиятга эгалигини ҳисобга олиб янгиланган ва батафсил электрон луғатлар ишлаб чиқиш лозимлиги ва бошқа таклиф ва тавсиялар берилди.

Адлия вазирлиги

жамоатчилик билан алоқалар бўлими