Бинолар кириш қисмида тери учyн антисептик эритмалари бўлган санитайзер-диспансер қурилмалари ўрнатиш амалиёти жорий этилади.
Республика махсус комиссияси баёнига кўра, Жаҳон соғликни сақлаш ташкилоти тавсиялари асосида дезинфекцион туннеллардан фойдаланиш тўхтатилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарига кўра, корхоналар, ташкилотлар, муассасалар, жамоат жойлари, бино ва иншоотларга кириш жойида тана ҳароратини контактсиз ўлчаш, ташриф буюрувчиларни зарур ҳолатларда тиббий ёки бир марталик ниқоблар билан таъминлаш, шунингдек, кириш қисмида ташкил қилиш учун қулай жойда тери учyн антисептик эритмалари бўлган санитайзер-диспансер қурилмалари ўрнатиш амалиёти жорий этилади.
Бунда ушбу амалиётларни тегишли қоидалар асосида олиб бориш бўйича масъулият ва жавобгарлик муассаса ва ташкилотларнинг биринчи раҳбарлари зиммасида бўлиб, мазкур тадбирларига риоя этилиши юзасидан назоратни амалга ошириш Санитария-эпидемиологик осойиштaлик ва жамоат саломатлиги хизмати ва тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар зиммасига юклатилди, дейилади хабарда.
Аввалроқ, Ўзбекистонда дезинфекция туннеллари тақиқланаётгани маълум қилинганди.