2020 йил glavnaya Популярные новости Янги Ўзбекистон

Дин ёки эътиқод эркинлиги ҳуқуқининг моҳияти, ҳолати ва қўлланиш соҳасига доир онлайн-тақдимот ўтказилди

Бугун пойтахтимизда халқаро стандартлар ва инсонийлик мезонлари соҳасидаги ЕХҲТнинг мажбуриятларида белгиланган барча учун дин ёки эътиқод эркинлиги ҳуқуқининг моҳияти, ҳолати ва қўлланиш соҳасига оид онлайн тақдимот ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири тадбир ташкилотчиларига таяниб.

Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ҳамда ЕҲҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси билан ҳамкорликда ўтказилди.

Тақдимотда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирлик ва идоралар, ҳуқуқни мухофаза қилувчи органлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари қатнашди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Дилшод Эшнаев, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси, элчи Жон МакГрегор, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг Инсон ҳуқуқлари бўйича департаменти бошлиғи Андреа Хубер онлайн анжуман иштирокчиларини қутладилар.

Тадбир давомида ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ҳамда нуфузли хорижий университетлар халқаро экспертларининг маърузалари тингланди.

БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг Дин ёки эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Аҳмед Шаҳиднинг Ўзбекистонга 2017 йилги ташрифи асносида билдирилган таклифлар, шунингдек инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича тавсияларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қўшма қарори қабул қилинган.

Ушбу Қўшма қарор ижроси доирасида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 15 ноябрдаги фармони билан Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепцияси тасдиқланди. Концепция инсон ва фуқаронинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга, Ўзбекистоннинг бирлиги ва яхлитлигини мустаҳкамлашга, мамлакат ҳудудида яшовчи миллат ва элатларининг этник-маданий ўзига хослигини сақлашга, жамиятда миллатлараро бағрикенглик, тотувлик ва тинчликни сақлашга йўналтирилган.

Анжуман давомида ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг Дин ёки эътиқод эркинлиги масалалари бўйича катта маслаҳатчи вазифасини бажарувчи Миколай Вжечёнковски тадбир иштирокчиларини Халқаро стандартлар ва инсонийлик мезонлари соҳасидаги ЕХҲТ мажбуриятларида белгиланган барча учун дин ёки эътиқод эркинлиги ҳуқуқининг моҳияти, ҳолати ва қўлланиш соҳасида аҳамиятга молик жиҳатлари билан таништирди. Хусусан, дин ёки эътиқод эркинлиги ҳуқуқининг асосий ҳусусиятлари, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро ҳуқуққа мувофиқ дин ёки эътиқод эркинлиги ҳуқуқининг мақбул чекловлари ҳақида атрофлича тушунтириш берилди.

Шунингдек, Оксфорд университети Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида халқаро ҳуқуқ кафедраси доценти доктор Назила Ганеанинг маърузаси тингланди. Маърузада дин ёки эътиқод эркинлиги ва бошқа инсон ҳуқуқлари, жумладан, гендер тенглиги, камситилмаслик ҳуқуқи ҳамда фикр ва уни ифодалаш эркинлиги ўртасидаги боғлиқлик таҳлил қилинди. Шу билан бирга, барча учун дин ёки эътиқод эркинлигини ҳурмат қилиш, ҳимоялаш ва тарғиб этишда давлатнинг мажбуриятлари тўғрисидаги амалиётлар хусусида сўз борди.

Маълумки, 2019 йил 4 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Диний-маърифий соҳа фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинган. Унга кўра дин ишлари соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, фуқароларнинг виждон эркинлиги кафолатларини ҳимоя қилиш бўйича янги тизим жорий этилди.

Ушбу тизим доирасида Дин ишлари бўйича қўмитанинг янгиланган асосий вазифалари ва фаолиятининг устувор йўналишлари белгиланган. Диний мутаассиблик ва экстремизм ғояларини тарқатиш, турли конфессиялар ўртасида адоватни юзага келтиришга қаратилган хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслик чораларини кўриш; аҳолининг айниқса ёш авлоднинг диний ва дунёвий қарашларини ривожлантириш; оммавий ахборот  воситалари, интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган радикал ғояларга қарши курашиш мақсадида миллий анъана ва қадриятларимизнинг кенг тарғиб этилишини таъминлаш шулар жумласидандир.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоиз, Ўзбекистонда 16 та конфессия бўйича 2 минг 275 та диний ташкилот фаолият юритмоқда.

Бундан ташқари, мамлакатимизда православ, католик, лютеран, баптист, тўлиқ инжил, адвентист ва бошқа насроний черковлар, шунингдек Бухоро ва Европа яҳудийлари, баҳоийлар, кришнаитлар ва буддавийларнинг диний жамоалари мавжуд. Бугунги кунда, хусусан, 165 та насроний, 8 та яҳудий, 6 та баҳоийлар ташкилотлари, 1 та кришнаитлар, 1 та буддавийлар ибодатхоналари ва 1 та конфессиялараро Библия жамияти фаолият кўрсатмоқда.