Жаҳон бозорида баъзи зираворларнинг қиймати олтин ва нефть нархига тенг. Мутахассислар фикрича, дунё таомларига қизиқиш тобора ортиб бориши туфайли шифобахш, хуштаъм ва фойдали зираворлар нархи ҳам ошишда давом этмоқда.
Интернет нашри «gurmantur.com» ўз сайтида жаҳондаги энг қиммат зираворлар ўнталигини эълон қилди. Эътиборли жиҳати, ушбу ўсимликларнинг аксарияти жонажон Ўзбекистонимиз тупроғида ўсади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири «Ўзбекозиқовқатхолдинг» компанияси манбасига таяниб.
Қуйида ушбу зираворлар билан танишишингиз мумкин.
10-ўринда – зира
Рейтингнинг 10-поғонасида ўзбек ошхонасида доимий ишлатиладиган зира ўрин олган. Бугунги кунда дунё ошхоналарида зиранинг оммалашиши натижасида зиравор жаҳон бозорлари пештахталаридан ўрин эгаллаган.
9-ўринда – коврак
Ушбу зиравор, айниқса, Ҳиндистонда кенг қўлланилади. Коврак ўсимлиги қуритилган пиёз ва қалампир исини эслатади. У ўсимлик ёғига қўшилганда хушбўй ва ёқимли маза беради.
8-ўринда – тоғарча меваси
Италия ҳудудларида етиштириладиган тоғарчанинг қуритилган меваси гўштга маза беришда ишлатилади. Жаҳон бозорида ушбу зираворнинг 1 килограмми 30 долларгача баҳоланади.
7-ўринда – пушти қалампир
Пушти қалампирнинг ватани Жанубий Америка қитъаси бўлса-да, франциялик ошпазлар уни янада машҳур қилган. Бу зиравор таомга ёқимли аччиқ маза беради. Жаҳон бозорида унинг бир килограмми 100 долларгача баҳоланади.
6-ўринда – калган
Калган – илдизли зираворлар ичида энг қиммати ҳисобланиб, унинг бир килограмми 200 доллардан юқори баҳоланади. Кўпгина ҳолларда калганни занжабил билан адаштирилади. Уларнинг мазаси бир-бирига ўхшаш. Бироқ, калганнинг хақиқий ишқибозлари унинг ўта аччиқ мазасини бошқа зираворларга алмашмайди. Қуритилган калганга талаб жуда катта бўлиб,уни бозорларда топиш онсон эмас.
5-ўринда – кардамон
Бу ўсимлик Бобил давридан бизгача етиб келган. Ушбу зиравор Ҳиндистон тоғларида етиштирилади. Кардамон ошқозон-ичак хасталикларини даволашда яхши ёрдам беради. Зираворнинг жаҳон бозоридаги нархи 400 долларни ташкил этади.
4-ўринда – мацис
Ушбу зираворни “мускат ранги” деб ҳам аташади. Мацисни мускат ёнғоғининг қизил пўстлоғидан тайёрлашади. Пўстлоқ бамбук плиталарида, қўл меҳнати ёрдамида қуритилади. Сотувда, асосан, кукун шаклида чиқарилади. Зиравор 1 килограммининг жаҳон бозоридаги нархи 600 долларга баҳоланади.
3-ўринда – ванил
Жаҳон бозорида ушбу зираворнинг 1 килограмми 800 доллар атрофида нархланади. Экспертлар аслида ванилнинг нархи бундан ҳам қиммат эканини айтади. Уруғчиликдаги хатолар туфайли ванил олинадиган орхидеяларга номаълум инфекциялар тушиши оқибатида зираворнинг қиймати тушмоқда.
2-ўринда – заъфарон
Ушбу зиравор таомларга ўзига хос таъм беришидан ташқари шифобахш хусусиятга ҳам эга. Тарихий манбаларга кўра, Миср маликаси Клеопатра заъфарон ёрдамида ёшлиги ва гўзаллигини асраган. Александр Македонскийнинг жангларда олган жароҳати ҳам заъфарондан тайёрланган малҳам билан даволанган. Ҳозирда ушбу зираворнинг 1 грамми 6 долларга тенг. Заъфарон яхши ҳосилга кириши учун 7 йил керак бўлади.
1-ўринда – ёввойи женьшень илдизи
Бугунги кунда ушбу зираворнинг 1 грамми 4 минг долларгача нархланмоқда. Ёввойи женьшень табиатда кам учрайди, унинг илдизи ноёб. Зиравор Гиннес рекордлари китобига ҳам киритилган.