“Euronews” каналида ушбу мавзуда тайёрланган лавҳа эфирга узатилди. Унда коронавирус пандемияси шароитида Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигининг аҳоли даромади барқарорлигини таъминлаш ва оширишдаги ўрни ҳақида сўз боради.
Қайд этилишича, пандемия шароитида иқтисодий ўсишнинг пасайиши кузатилаётган бўлса-да, дунёга машҳур ўзбек қовунлари ва уни етиштириш Covid-19 оқибатларини юмшатишга ёрдам бермоқда.
“Мен 25 йилдан буён қовун етиштираман. Бу оиламизнинг асосий даромади. Ушбу фаолиятимиз ортидан ўтган йиллар давомида машина олдик, уй қурдик ва ўғилларимизни уйлантирдик. Бу йилги даромад ҳам бозордаги талабга боғлиқ”, дея қайд этади хоразмлик деҳқон “Euronews” телеканалига берган интервьюсида.
Телеканал мухбири Ўзбекистон Марказий банкининг пандемия шароитида экспорт бўйича маълумотларини келтирган. Шунингдек, Осиё тараққиёт банки келгуси йил мамлакатимиз иқтисодиёти кўрсаткичларида олдинга силжиш кузатилишини прогноз қилганини маълум қилган.