2020 йил glavnaya Популярные новости Янги Ўзбекистон

Фахримсан, ифтихоримсан, юртим байроғи

Навоий шаҳридаги давлат байроғи ўрнатилган хиёбонда 18 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи қабул қилинганлигининг 29 йиллигига бағишланган тантанали байрам тадбири ташкил этилди.

Тадбир аввалида оркестр жўровозлигида Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси янгради. Шундан кейин вилоят ҳокими Қобул Турсунов сўзга чиқиб, миллий ғуруримиз ва ифтихоримиз бўлган байроғимиз ўзида бутун Ўзбекистон халқининг асрий орзу-истаклари, ғайрати ва шижоатини, халқимизга хос меҳмондўстлигини мужассам этганганлиги, унинг бугунги ҳаётимизда ва ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги ўрни ҳақида тўхталиб ўтди.

Бугун байроғимиз давлат идора ва муассасалари, ўқув юртлари, Ўзбекистон аъзо бўлган халқаро ташкилотлар, чет эллардаги элчихона ва доимий ваколатхоналаримиз пештоқида ҳилпираб турибди. Шунингдек, турли байрам ва тантаналарда, маданий-маърифий тадбирларда, нуфузли спорт мусобақаларида баланд кўтарилмоқда.

Айниқса, халқаро спорт ареналарида ғолибликни қўлга киритган спортчиларимиз шарафига мадҳиямиз янграб, юртимиз байроғи баланд кўтарилган лаҳзада ҳар биримизнинг қалбимизни ҳаяжон чулғаб, кўзларимиз намланганлиги рост.

– Давлат рамзлари мамлакатимизнинг мустақиллигини, халқимизнинг шон-шарафи, тарихий хотираси ва интилишларини ўзида мужассам этган. Мустақил давлатимиз байроғи эса тинч ва осойишта, озод ҳамда эркин ҳаётимиз, ёруғ келажагимизга бўлган ишончимиз тимсолидир, – дея таъкидлади вилоят ҳокими ўз сўзида.

Байроқдаги мовий ранг – мусаффо осмонимиз ҳамда оби ҳаёт рамзи бўлса, оқ ранг – тинчлигимиз, яшил ранг – табиатнинг янгиланиши, қизил чизиқлар эса давлатимиз фаровонлиги, жамият тараққиёти йўлида ўзаро ҳамжиҳатлик билан ҳормай-толмай меҳнат қилаётган юрт фарзандларининг вужудида оқаётган ҳаётий қудрат рамзидир.

Ёшлар ва санъаткорлар томонидан ижро этилган шеърлар ҳамда куй-қўшиқлар тадбирга ўзгача кўтаринкилик бағишлади.