2020 йилнинг 12 ноябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси ташаббуси билан мамлакатимизда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасида олиб борилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Қолаверса, матбуот анжуманида бандлик ва меҳнат муносабатлари, соғлиқни сақлаш, ички ишлар, олий ва ўрта махсус таълим, халқ таълими вазирликлари вакиллари, Дин ишлари бўйича қўмита мутасаддилари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда янгиланаётган Ўзбекистон ислоҳотлари инсон манфаатлари устунлигини таъминлаш баробарида жамиятда хотин-қизлар мавқеини ошириш, уларнинг ҳуқуқ ҳамда имкониятларини устувор қадриятлардан бири сифатида ҳимоя қилишга қаратилган. Бунда, айниқса, аёлларнинг сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий фаоллигини юксалтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида рўёбга чиқарилмоқда.
Хусусан, сўнгги уч йилда гендер тенгликни таъминлашнинг қонунчилик ва институционал негизини мустаҳкамлаш йўлида муҳим чоралар кўрилди. Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясига қаратилган қарийб 20 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат, шу жумладан 2 та қонун, 1 та Президент қарори, 4 та Президент Фармони, 13 та Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинди. Қонун ҳужжатлари хотин-қизларнинг меҳнат ва тадбиркорлик ҳуқуқларига оид стандартларга мослиги нуқтаи назаридан инвентаризация қилинди.
Шунингдек, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ барча вазирлик ва идораларда гендер тенглик масалалари бўйича Маслаҳат кенгаши органлари фаолиятини йўлга қўйиш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилди ва меҳнат жамоаларида Маслаҳат кенгашлари ташкил этилди.
Хотин-қизларнинг камситилишига йўл қўймаслик мақсадида Ўзбекистон Республикасида Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия ташкил этилди.
Ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий соҳаларда хотин-қизлар ҳамда эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар таъминлаш жамиятимизда тинчлик ва иқтисодий барқарорликни сақлашнинг асосий омилларидан биридир. Шуни ҳисобга олган ҳолда “2020-2030 йилларда Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси” лойиҳаси тайёрланиб, давлат ва нодавлат ташкилотлари билан келишилмоқда. Шуниси эътиборлики, мазкур стратегиядаги барча йўналишлар БМТнинг 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадларига мувофиқ ишлаб чиқилган.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2019 йил 10 июндаги қўшма қарори билан “Аёллар меҳнати тўлиқ ёки қисман қўлланилиши тақиқланадиган меҳнат шароити ноқулай бўлган ишлар” рўйхати бекор қилинди.
Эркак ва аёлнинг тенг ҳуқуқлилиги халқ фаровонлигида, жамият тинчлиги ҳамда иқтисодий барқарорликда муҳим ўрин тутади. Шу жиҳатдан аёлларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг ўз интилиш ва қобилиятларини тўлақонли рўёбга чиқара олишлари учун имкониятларни кенгайтириш масаласи давлатимизнинг доимий диққат марказида. Жумладан, давлат бошқарувида хотин-қизлар иштирокини ошириш мақсадида 6 мингдан зиёд фаол хотин-қизлардан иборат кадрлар захираси шакллантирилди. Ҳозирги кунда уларни турли раҳбарлик лавозимларига тайёрлаш бўйича тизимли ўқувлар ташкил этилмоқда.
Ички ишлар вазирлиги тизимида 16 нафар аёл раҳбарлик, 6 нафар аёл ҳокимлик, 1 нафари элчилик лавозимини эгаллади. Бундан ташқари, 1 500 га яқин хотин-қизлар турли даражадаги раҳбарлик лавозимларида фаолият юритмоқда.
2019 йил декабрь ойида Олий Мажлисга ва маҳаллий кенгашларга ўтказилган сайлов натижаларига кўра, аёл депутатлар сони Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг 32 фоизини, аёл сенаторлар эса Сенат аъзоларининг 25 фоизини, маҳаллий Кенгашларда эса хотин-қизлар улуши 25.6 фоизни ташкил этди. Бу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон парламенти жаҳондаги 190 та парламент орасида 44-ўринни эгаллади.
Оғир турмуш шароитида яшаётган аёллар, айниқса, ёш хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳам давлатимизнинг доимий эътиборида. Хусусан, 2018-2020 йиллар давомида Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳисобидан оғир турмуш шароитида яшаётган уй-жойга муҳтож 3 878 нафар хотин-қизларнинг бошланғич бадал пуллари тўлаб берилди.
Кам таъминланган оилаларда яшовчи хотин-қизларни касбга қайта ўқитишга сарфланадиган харажатларни молиялаштириш учун касб-ҳунар таълими муассасаларига Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан грантлар ажратиш амалиёти жорий этилди.
Ҳукумат қарори билан хотин-қизлар учун қўшимча грант асосида олий таълим муассасаларига кириш тартиби белгиланди.
Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш юзасидан ҳам мамлакатимизда эътиборга лойиқ ишлар олиб борилаётганлиги матбуот анжуманида алоҳида таъкидланди. Хусусан, келгуси йил 1 июндан бошлаб 5 ёшгача бўлган болалар витаминлар ва микро-нутриентлар билан,10 ёшгача болалар паразитларга қарши дорилар билан, ҳомиладорлар, эмизикли аёллар ва 15 ёшгача бўлган болалар йод препаратлари билан, 35 ёшгача аёллар фолий кислотаси ва феррум билан бепул таъминланиши белгиланди. Ушбу дори воситалари ва витаминлар оилавий шифокорлар томонидан бепул тарқатилади.
Шунингдек, хорижий ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш мақсадида ЮНИСЕФ, ЮНФПА, БМТ БМТ ЖБ, ОТБ, ЮСАИД ЕХҲТ, ЕТТБ каби халқаро ташкилотлар билан икки томонлама таклифлар асосида йиллик қўшма режалар ишлаб чиқилиб, амалга оширилмоқда.
Сўнгги йилларда хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш йўналишида ҳам муҳим қадамлар қўйилди. Бу борадаги тегишли қонунга мувофиқ “Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ҳимоя ордерини бериш, ижросини таъминлаш ва мониторинг олиб бориш тўғрисида”ги Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланди.
Ҳозирги вақтга қадар ички ишлар органларига ҳимоя ордери сўраб 7 мингдан зиёд мурожаат келиб тушган бўлиб, 6183 ҳолатда хотин-қизларга ҳимоя ордери расмийлаштириб берилди.
Коронавирус пандемияси даврида хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш мақсадида Комиссия томонидан “ННТлар бирлашмаси” ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда жорий йилнинг 10 апрелдан бошлаб “Ишонч телефони” хизмати йўлга қўйилди.
Ҳозирги кунга қадар “Ишонч телефони” орқали 3 мингга яқин мурожаат қабул қилиниб, уларнинг 40 фоизи зўравонлик ҳолатлари билан боғлиқ бўлиб, хотин-қизларга психологик ва юридик ёрдам кўрсатилди.
Карантин даврида айрим нотинч оилаларда юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш, хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш мақсадида “Телеграм” ижтимоий тармоғида “Зўравонликка йўл йўқ!” каналининг фаолияти йўлга қўйилди.
Ўзбекистонда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, жамиятда ўз ўрнини топа олган, муваффақиятли аёлларнинг ҳаёт тажрибасини оммалаштириш мақсадида www.genkom.uz сайти яратилди.
Шунингдек, оммавий ахборот воситалари, хусусан телерадиоканаллар ҳамда газета ва журналлар орқали 3 мингдан ортиқ, ижтимоий тармоқлар, расмий ахборот сайтларида 2 мингдан зиёд тарғибот ва тушунтириш тадбирлари олиб борилди.
Матбуот анжуманида мамлакатимизда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасида олиб борилаётган бу ва бошқа ишлар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Тадбир иштирокчилари журналистларни қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб берди.