Бугун Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси медиа марказида Халқаро пресс-клубнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасига бағишланган сессияси бўлиб ўтди.
Унда ХПК раиси Шерзодхон Қудратхўжа, Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Фарҳод Арзиев, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси ўринбосари Азамат Тошев, Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари Бадриддин Абидов, “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов иштирок этишди.
Тадбир давомида тарихий Мурожаатнома давлат ва жамият ҳаётининг турли жабҳаларини янада ривожлантириш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, тараққиётимизнинг янги босқичи учун долзарб вазифаларни белгилаб бергани қайд этилди. Энг муҳими, Президентимиз таъкидлаганидек, жамиятимизда тинчлик-осойишталик, миллатлараро тотувлик, бағрикенглик ва меҳр-оқибат муҳити ҳукм суриши барқарорлик белгиси экани айтиб ўтилди.
Мурожаатномада акс этган мамлакатимизнинг ташқи сиёсатини амалга оширишда давлатимиз олиб бораётган очиқ, прагматик ва амалий ташқи сиёсатни инобатга олиб ҳамда узоқ муддатли стратегик мақсадларимиздан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолият концепцияси такомиллаштирилиши хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини йўлга қўйишда дастуриламал бўлиб хизмат қилиши қайд этилди. Сессия давомида шунингдек, Ташқи сиёсатимизнинг устувор йўналиши бўлган Марказий Осиё давлатлари билан алоқаларнинг янада ривожланиши кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва ўзаро ишонч руҳидаги алоқаларимизни янада мустаҳкамлаш борасида режалаштирилган ишлар хусусида ҳам фикр юритилди.
Қўмита раиси ўрнибосари Азамат Тошев Марказий Осиёда ҳамиша энг муҳим бўлиб келган масала — диаспоралар, чет элларда ўзбек диаспоралари қандай яшаётгани улар билан йўлга қўйилган алоқалар бўйича Қўмита томонидан амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумотлар берди.
“Албатта, мурожаатнома кўп миллатли Ўзбекистон учун улкан режа ва вазифаларни олдимизга қўяди”, — деди А.Тошев. “Биламизки, юртимизда 130дан ортиқ миллат ва элат вакиллари яшайди. Бугунги кунда бизнинг Қўмитамиз 147та миллий маданий марказ 38та дўстлик жамияти ҳамда хорижда фаолият юритаётган 38та ватандошлар жамияти билан ҳамкорлик қилади. Президентимиз йўллаган мурожаатномада бизнинг йўналишимиз бўйича аниқ кўрсатилган 4та йўналиш белгиланган. Улар орасидаги 2та ташаббус бевосита бизнинг қўмитамизнинг ташаббуси саналади. Ватандошлар жамғармасини ташкил қилиш нимага керак деган савол туғилади. Айтишимиз мумкинки, ватандошлар йўналишида давлатимиз раҳбарининг қарори билан хорижда истиқомат қиладиган ватандошлар билан ҳамкорлик қилиш соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепцияси тасдиқланган. Бугунги кунда 20та хорижий давлатда 158та ватандошлар ташкилотлари бевосита фаолият юритаяпти. Уларнинг барчаси билан ҳамкорлик қилиш борасида ишлар амалга оширилмоқда. Агар ватандошлар жамғармаси ташкил этилса мен ўйлайманки, ватандошларни қўллаб қувватлашга қаратилган ишлар янада ривожланади”, — деди.
Шунингдек, маърузачи бугунги кунда дунёда 10 миллиондан ортиқ ўзбек миллатига мансуб фуқаролар яшайди. Афғонистоннинг ўзида 3 миллиондан ортиқ ўзбеклар бор ва Афғонистонда давлат тили сифатида ўзбек тили тан олинганлигини айтиб ўтди. Бизнинг қўмитамиз ҳузурида ШҲТ халқ дипломатияси маркази ташкил этилган. Биз ўз фаолиятимизни халқ дипломатяси тамойилларидан фойдаланган ҳолда илгари сурамиз. 2021 йилда бағрикенглик ҳафталигини ўтказмоқчимиз. Бундан ташқари Ўзбекистонни биласизми деган викторина ва шу каби ватандошлар иштирокида кўплаб халқаро тадбирлар ўтказишни режалаштирганмиз. Бу тадбирлар дунё ҳамжамиятидаги Ўзбекистоннинг ижобий имиджини шакллантиришга ўз ҳиссасини қўшади дея таъкидлаб ўтди.