2021 йил glavnaya Популярные новости Янги Ўзбекистон

Халқлар дўстлиги куни белгиланяпти

2021 йил 27 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар “Халқлар дўстлиги кунини белгилаш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқидилар.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, шунингдек вазмин, ўзаро фойдали ва конструктив ташқи сиёсатни амалга ошириш масалалари устувор вазифа сифатида белгиланган.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жамиятда барқарорлик, тинчлик ва тотувликни таъминлаш, фуқаролар онгида катта, кўп миллатли ягона оилага мансублик туйғусини мустаҳкамлаш, миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва янада ривожлантириш, хорижий мамлакатлар билан маданий-маърифий алоқаларни кенгайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ташкил этилди.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда 34 миллиондан ортиқ аҳолиси бўлган Ўзбекистон Республикасида 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари яшаб келмоқда. Айтиш жоизки, миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенгликни мустаҳкамлаш борасида мамлакатимизда бир қатор эътиборли амалий ишлар олиб борилмоқда.

Дунёдаги кўзга кўринган атоқли олимлар ва давлат арбоблари кўпмиллатли ва кўпмаданиятли жамиятларни оқилона бошқариш соҳасида Ўзбекистон тўплаган ўзига хос тажриба дунёдаги қатор давлатлар учун ибрат бўла олишини яққол таъкидламоқдалар. Ҳақиқатан ҳам, кўпмиллатлилик ва кўпмаданиятлилик – бизнинг миллий бойлигимиз, десак асло муболаға бўлмайди.

Шунингдек, Президентимизнинг 2019 йил 15 ноябрдаги Фармони билан Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепцияси ҳамда уни 2019-2021 йилларда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди. Ушбу Концепция ва “Йўл харитаси”нинг ижросини мувофиқлаштириш ишлари Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси томонидан амалга оширилмоқда.

Қонун лойиҳаси билан мамлакатимизда 30 июль — Халқлар дўстлиги куни сифатида нишонланиши белгиланяпти. Халқлар дўстлиги кунини байрам қилишдан асосий мақсад — инсонлар, халқлар, давлатлар – умуман олганда жамиятнинг турли қатламлари ҳамда тузилмалари ўртасида ҳамжиҳатлик, бағрикенглик, миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш ва дўстлик алоқаларини янада ривожлантиришдан иборат.

Эндиги вазифа — ана шу бойликни кўз қорачиғимиздек асраб-авайлаган ҳолда келгуси авлодга бекаму-кўст етказиб беришдир.   Қонун лойиҳасида ҳам ана шу улуғвор мақсад илгари сурилган бўлиб, келгусида ушбу санани кенг нишонлашнинг йўлга қўйилиши Ўзбекистон заминида тинчлик маданиятининг янада чуқур илдиз отишига кўмаклашади, мамлакатимизнинг истиқболдаги барқарор тараққиёти учун ҳам муҳим асос бўлиб хизмат қилади.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.