2021 йил glavnaya Мероприятия

Хитой Халқ дипломатиясини ўрганиш маркази билан онлайн учрашув

Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида Хитой Халқ дипломатиясини ўрганиш маркази билан онлайн учрашув ташкил этилди.

Ушбу онлайн учрашув Коронавирус пандемияси давридаги томонларнинг биринчи онлайн суҳбати бўлиб, унда иккитомонлама ҳамкорлик алоқларини кенгайтириш ҳамда Халқ дипломатиясини ўрганиш марказининг янги раҳбарияти билан яқиндан танишишдан иборат бўлди.

Қўмита бўлим бошлиғи З.Абидов Дэн Лань  хонимни Марказнинг янги директори сифатида иш бошлагани билан қутлаб ўзаро ҳамкорликда Ўзбекистон ва Хитой халқ дипломатиясини ривожлантиришга тайёрлигини билдирди.

Суҳбат давомида З.Абидов Қўмитанинг фаолияти, мақсад ва вазифалари, Ўзбекистонда миллатлараро муносабат ва толерантликка яратилиб берилаётган шароитлар ҳақида батафсил маълумот бериб ўтди.  Суҳбат давомида шу кунга қадар Қўмита ва Хитой халқ хориж билан дўстлик алоқалари жамияти билан ҳамкорликда амалга оширилиб келинаётган ишлар ҳақида ҳам қисқача тўхталиб ўтилди. Хусусан, ўтган йиллар давомида ҳамкорликка оид турли семинар ва конференциялар мунтазам ўтказилиб келинди. 2019 йилда Хитойда Қўмита ва Халқ дипломатиясини ўрганиш маркази ҳамкорликда ташкил этилган “олтин калит” ёшлар форумида ўзбекистонлик  20 га яқин талаба ёшлар иштирок этиб хитойлик тенгдошлари билан фикр алмашиб қайтишди. Шунингдек, ҳар икки йилда анъанавий равишда Ўзбекистон ва Хитойда ўтказилиб келинаётган Буюк Ипак йўлида ўзаро ҳамкорликка бағишланган ўзбек-хитой форуми ҳам катта аҳамиятга эгалиги таъкидланди.

Хитой Халқ дипломатиясини ўрганиш маркази директори Дэн Лань Марказнинг мақсад ва вазифалари, асосий фаолият йўналишлари ҳақида батафсил маълумот бериб ўтди. Хусусан, Марказнинг асосий вазифаларидан бири Хитойнинг Марказий Осиё давлатлари билан халқ дипломатияси алолқарини мустаҳкамлаш, бунда Ўзбекистон билан ҳамкорлик олиб бориш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Суҳбат давомида пандемия даврида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш, семинар ва конференциялар ўтказиш таклифлари берилди. Хусусан, ҳар икки томон халқ дипломатиясини мустаҳкамлашда “Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришда халқ дипломатиясининг ўрни” мавзусида халқаро конференция ўтказиш, ҳамкорлик алоқаларида ёшларни иштирокини кучайтириш ҳамда ХХР да 2022 йилда ўтказиладиган қишки олимпиада ўйинларига бағишлаб ҳамкорликда тадбирлар ўтказиш масалаларини муҳокама этишди.

Онлайн учрашув конструктив руҳда бўлиб ўтди.