2020 йил glavnaya Мероприятия Янги Ўзбекистон

Хитой Халқ Республикаси элчиси билан учрашув бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустамбек Қурбоновнинг Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Цзянь Янь хоним билан учрашуви бўлиб ўтди. 

Р.Қурбонов меҳмонни қутлар экан, Чин юртида янги турдаги коронавируснинг тарқалиши муносабати билан ҳамдардлик билдирди ва Хитой ҳукуматининг ушбу иллатга қарши курашдаги ҳаракатларини юқори баҳолади. У ХХР раҳбарияти томонидан кўрилаётган чоралар касаллик ўчоқлари аниқланган бошқа мамлакатларда кенг қўлланилишига ишонч билдирди.

 

Ўз ўрнида элчи Цзянь Янь хоним учрашув ташкил этилгани учун самимий миннатдорчилик билдирди ҳамда Президент  Шавкат Мирзиёев томонидан биринчилардан бўлиб Хитой халқи учун оғир дамларда 2 инсонпарварлик юки ортилган самалёт юборилгани ва ушбу дори воситалари Чин юрти фуқароларининг соғайиши учун ишлатилганини эътироф этди. Хитойдаги айни пайтдаги вазият ҳақида гапирганда, элчи сўнгги кун ичида фақат 8 та коронавирус инфекцияси билан боғлиқ ҳолат қайд этилганлигини,  уларнинг 5таси вирус ўчоғи саналган Ухан шаҳрида қолган 3та ҳолат эса турли шаҳарларда хориж мамлакатларидан кириб келган фуқароларда кузатилганини қайд этди.

Шунингдек, Цзянь Янь хоним мамлакатимиздаги Хитой маданий марказининг фаолияти, унинг ривожланишида элчихона томонидан кўрсатилиши мумкин бўлган ёрдам имкониятлари ҳақида фикр билдирди.

 

Р. Қурбонов меҳмонларга Қўмитанинг фаолияти тўғрисида батафсил маълумот берди. Жумладан, у Қўмита томонидан мамлакатимиздаги миллий маданий марказлар, шунингдек, дунёнинг барча мамлакатлари билан дўстона маданий алоқаларни ўрнатишдаги улкан тизимли ишлар хусусида сўз юритди. Бу борада юртимизда самарали фаолият олиб бораётган Корейс маданий марказлари ассоциацияси, Республика рус ва қозоқ миллий маданий марказларининг миллий урф одатлари, маданияти, тили ҳамда халқлар ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлашдаги ролини эътироф этди.

Учрашув давомида икки мамлкат ўртасидаги аввалги дўстлик алоқалари янада мустаҳкамланишига ишонч билдирилди.

Ҳурмат белгиси сифатида томонлар эсдалик совғалар билан алмашишди.