Мамлакатимизнинг Хитой Халқ Республикасидаги элчихонасида Чин юртида бўлиб турган ватандошлар билан видеоконференцалоқа шаклидаги навбатдаги учрашув уюштирилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири Шуҳрат Умиров.
Хитойнинг турли ҳудудларида бўлиб турган 100 нафарга яқин юртдошимиз иштирокида ташкил этилган мазкур онлайн-учрашув элчихонанинг консуллик бўлимига келиб тушаётган мурожаатлар, уларнинг ечими ҳамда консуллик хизмати фаолияти бўйича савол-жавобларга бағишланди.
Маълумки, сўнгги йиллар давомида хорижий элларда истиқомат қилаётган ватандошлар билан доимий мулоқот ва ҳамкорликни ривожлантириш, уларнинг мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлардаги иштирокини рағбатлантириш, шунингдек, ҳуқуқ ва манфаатларини тўлақонли, ҳар томонлама ҳимоя қилишга кўмак бериш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 октябрдаги “Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти ҳақида атрофлича фикр юритилди. Шу билан бирга, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йил 14 сентябрь куни имзоланган «Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорнинг аҳамияти, унга асосан мамлакатимизда хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизими жорий қилинаётгани ва бу тизимнинг асосий йўналишлари белгилаб берилгани алоҳида қайд этилди.
Онлайн-мулоқот чоғида Хитойдан Ўзбекистонга қайтиш истагида бўлган мамлакатимиз фуқароларига Хитой авиакомпаниялари томонидан мазкур мамлакат ишбилармон доиралари учун жорий йил 17 ноябрь куни “Сиань – Тошкент” йўналишида чартер ҳаво қатнови амалга оширилиши маълум қилинди. Шу ўринда ХХР Олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар учун талабалик гувоҳномаси ёки ўқиш жойидан маълумотнома тақдим этилган тақдирда авиачиптани харид қилишда чегирмалар ўрнатилгани ҳам юртдошларимизга етказилди.
Шу билан бирга, элчихона томонидан “Uzbekistan Airways” миллий авиакомпаниясининг Пекин ва Сеул шаҳарларидаги ваколатхоналари билан ўтказилган маслаҳатлашувлар натижасида фуқароларимизнинг COVID-19 пандемияси чора-тадбирларига тўлиқ риоя этган ҳолда ХХР ҳудудидан Жанубий Корея пойтахтига етиб олиши ва ҳафтанинг ҳар жума кунлари “Сеул-Тошкент” йўналишидаги қатнов воситасида Ватанга қайтиши мумкинлиги ҳам маълум қилинди.
Шунингдек, Хитойда яшовчи ўзбекистонликлар учун янги хорижга чиқиш биометрик паспортини Ўзбекистоннинг Хитойдаги барча дипломатик ваколатхоналарида расмийлаштириш ишлари йўлга қуйилгани ҳам учрашув иштирокчиларининг эътиборига ҳавола қилинди.
Тадбир чоғида ватандошларимизга элчихона консуллик бўлими томонидан Хитойда яшаш, таълим олиш ва меҳнат қилишнинг ҳуқуқий жиҳатларига доир зарур тавсиялар берилгани баробарида элчихонада жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш, уларнинг ижросини таъминлаш бўйича узлуксиз хизмат кўрсатиш тизими йўлга қўйилгани, ватандошлар муаммоларини ҳал этиш юзасидан ҳуқуқий ахборот олиш учун барча имкониятлар яратилганлиги алоҳида таъкидланди.