Хорижда мураккаб молиявий аҳволга тушган меҳнат мигрантларига моддий ёрдам бериш тизимини кенгайтириш мақсадида вилоятлар ҳокимликлари ҳузурида Президентимизнинг 2020 йил 15 сентябрдаги “Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида махсус Жамғарма ташкил этилмоқда.
Жамғарма, маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳамда қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан шакллантириб борилади.
Жамғарма хорижда қийин аҳволда қолган меҳнат мигрантларига қуйидаги йўналишлар бўйича хизматлар кўрсатади:
хорижий иш берувчиларда мавжуд бўлган бўш иш ўринларини таклиф қилиш;
Ватанга қайтариш учун авиа ёки темир йўл чипталари ҳақини тўлаш;
вафот этган шахс жасадини урф-одатларга кўра тайёрлашда 1000 АҚШ долларигача хизматлар ҳақини ва Ўзбекистонга олиб келиш учун чипта ҳақини тўлаш.
Маълумот учун, бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё, Наманган ва Хоразм вилоятлари ҳокимликлари ҳузурида Хориждаги меҳнат мигрантларини ижтимоий ҳимоя қилиш ва моддий ёрдам кўрсатиш жамғармалари ташкил этилди.