2021 йил glavnaya Популярные новости Янги Ўзбекистон

Хориждаги ватандошларимиз фарзандлари учун танлов ўтказилади

Ўзбекистон Бадиий академияси хориждаги ватандошларимиз фарзандлари учун “Ўзбекистон маданий мероси” номли фотосуратлар онлайн-танловини эълон қилди.

Танлов Ўзбекистон Ташқи ишлар, Маданият вазирликлари ва  Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда ўтказилмоқда. Ушбу халқаро танловни ўтказишдан мақсад дунёнинг турли ўлкаларида истиқомат қилувчи ватандошларимиз фарзандлари орасида миллий онг ва ғурурни ривожлантириш, уларда гўзал ва бетакрор Ватанимиз, маданий меросимиз, миллий қадриятларимизга нисбатан ҳурмат ва ифтихор туйғуларини шакллантиришдан иборат.

Шу билан бирга ватандошларимиз фарзандларининг асрлар оша сайқалланиб келаётган, ўзига хослигимизни намоён этадиган маданий меросимизни, халқимизнинг тарихини, азалий удумларини, миллий ўзлигини асрашга қаратилган саъй-ҳаракатлари рағбатлантирилади, маънавий қўллаб қувватланади.

Танловда хорижий давлатларда фаолият юритаётган ватандошларимизнинг 15 ёшдан 25 ёшгача бўлган фарзандлари ҳамда хорижий таълим муассасаларида таълим олаётган ўзбекистонлик талаба ёшлар иштирок этиши мумкин.

Икки ёш тоифалари — 15 ёшдан 20 ёшгача ва  20 ёшдан 25 ёшгача бўйича алоҳида-алоҳида тартибда ўтказиладиган танлов уч босқичда ташкил этилади.

Тақдим этилаётган материаллар Ўзбекистон маданий мероси, тарихи, маданияти ва санъати, муқаддас қадамжоларимиз, тарихий обидалар, маданий объектлар, миллий анъана ва урф-одатларни тарғиб қилишга оид бўлиши керак.

Материаллар ва  фотосуратлар  фақат янги — ОАВ, интернет веб-сайтлари ва ижтимоий тармоқларида ёритилмаган ва бошқа танловларга юборилган ёки  ғолиб деб топилган бўлиш шарт.

Танловга тақдим этилган ижодий ишлар Ҳакамлар ҳайъати томонидан кўриб чиқилади ва баҳоланади.

Ғолибларга ҳар бир ёш тоифаси бўйича “Ўзбекистон маданий мероси” номли фотосуратлар онлайн-танловининг Бош соврини ва дипломи, олтин медаль ва 1-даражали дипломи, кумуш медаль ва 2-даражали дипломи, бронза медали ва 3-даражали дипломи ҳамда танлов ташкилотчилари томонидан таъсис этилган эсдалик совғалари топширилади.

Танловнинг тўлиқ  шартлари ва низоми билан Ўзбекистон Бадиий академиясининг http:/www.art-academy.uz расмий сайтида танишишиш мумкин.