Ўзбекистон халқини, миллатидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил этади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 8-моддаси.
Маҳалламизда яшовчи Галина опани анчадан буён кўрмаганимгами ёки карантин даврида ҳамма уй-уйига «қамалган”иданми, яқинда онам қатори бу аёлни учратиб қолдим.
– Галина опа, саломат бормисиз,– азбаройи ҳовлиққанимдан она тилимда гапириб юборибман.
Рости, Галя опа Ўзбекистонимизни ўзининг асл Ватани деб билиши, уни борича қабул қилиши ва яхши кўриши, ўзини шу заминда яшаётган халқнинг ажралмас қисми деб билиши сабабли ҳам бу аёлга меҳрим баланд. Ўзининг айтишича, у диёримизнинг мўътадил иқлими, саховатли замини, яхшиликка хайрихоҳ одамлари сабабли, қишлоқ хўжалиги мавзусида илмий иш ёқлаш мақсадида олис юртлардан Ўзбекистонга кўчиб келган экан.
Маҳалламизда кўплаб миллат вакиллари — рус, украин, беларусь, немис, поляк, тожик, қозоғу қирғиз, яна мен билмаган қанча миллат вакиллари аҳилликда яшайди. Ҳар доимгидек гоҳ ўйчан, гоҳи шошиб ўз тилимда салом берсам, саломим ҳали ҳеч қачон муаллақ, аликсиз қолиб кетмаган.
Маҳалламизда ҳеч қачон кимнинг қайси миллат, қайси динга мансуб экани батафсил муҳокама этилмайди. Айни жиҳатга ўзим таҳсил олган таълим масканларида ҳам, меҳнат жамоаларида ҳам бунга кўп бора дуч келганман. Аслида мамлакатимиздаги ҳар бир маҳалла, ўқув юрти, меҳнат жамоасида шундай муҳит устувордир.
Дарҳақиқат, кўп миллатли мамлакатимизда азалдан турли миллат ва диний конфессия вакиллари ягона ва аҳил оила фарзандларидек истиқомат этиб келмоқда. Уларнинг яшаши, тўлақонли таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, ижодий-интеллектуал салоҳиятини юзага чиқариши учун зарур барча шароит яратилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси томонидан юртимизда ўзаро ҳамжиҳатлик, аҳиллик, саховат муҳитини мустаҳкамлаш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Дўстлик фестиваллари, бағрикенглик ва маърифат ҳафталиклари, ижодий танловлар, қизиқарли лойиҳаларда ҳамюртларимиз, айниқса, ёшлар фаол қатнашмоқда.
Миллий маданият марказлари юртимизда яшовчи турли миллат ва элатларнинг анъана, урф-одатларини ривожлантиришга катта эътибор қаратиб келмоқда. Ушбу марказлар томонидан ўтказилган маънавий-маърифий тадбирларда, миллатидан қатъий назар, барча ҳамюртларимиз шу табаррук заминни ўз Ватани деб билишига кўп бора гувоҳ бўлганман. Барчамиз аҳиллик, тинчлик, осойишталик, ўзаро ҳурмат, меҳр-саховат муҳитини олий қадрият биламиз. Бу неъматларни кўз қорачиғидек асраб-авайлашга интиламиз.
Дарҳақиқат, ҳамжиҳатликда ҳикмату саодат, барака, файз бисёр, деганлари бежизмас.
Н.Усмонова, ЎзА