2021 йил glavnaya Популярные новости Янги Ўзбекистон

Қирғизистонда ўзбек ёзувчисининг асари «Йилнинг энг яхши китоби» деб эътироф этилди

Қирғизистон Ёзувчилар миллий уюшмаси ва Чингиз Айтматов номидаги «Иссиқ-Кўл форуми» халқаро ташкилоти ҳамкорлигида ўтказилган танлов якунларига кўра, ўзбек тилида ижод қиладиган ёзувчи Бегижон Аҳмедовнинг «Сайёҳ» асари «2020 йилнинг энг яхши китоби» деб эълон қилинди.

Ўзбекистон элчихонаси маълумотига кўра, муаллифга бу ҳақдаги  диплом топширилди. Ушбу асар Қирғизстон халқ шоири Марқабай Ааматов томонидан «Дарбиш» номи билан қирғиз тилига таржима қилинган.

Бегижон Аҳмедовнинг «Сайёҳ» асари нафақат Қирғизистонда, балки Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Тожикистон ва бошқа давлатларда ҳам юқори баҳоланган. Асар ҳақида таниқли адабиётшунос олимлар, ёзувчи ва шоирлар томонидан қатор ижобий тақриз ва мақолалар нашр этилган.

Адибнинг мазкур асари икки йил давомида саккизта тилга таржима қилинган.  Китобнинг  илк тақдимоти 2019 йил 13 ноябрь куни Брюссель шаҳрида бўлиб ўтган.

Б.Аҳмедов М.Ааматов билан ҳамкорликда Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги адабий-маданий алоқаларни ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда. Жумладан, Халқаро Бобур жамғармасининг Қирғизистондаги ваколатхонаси раҳбари сифатида ўзбек адабиёти тарғиботи ва тарихини ёритиш борасида изчил фаолият олиб бормоқда.

Маълумот учун: Ўш шаҳрида туғилиб, вояга етган иқтидорли ёзувчи ва таниқли жамоат арбоби Бегижон Аҳмедов 2019 йил Қирғизистон Ёзувчилар миллий уюшмаси раёсатининг аъзоси бўлиб сайланган. Адабиёт соҳасида эришган ютуқлари, халқаро маданий алоқаларни ривожлантириш, миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлаш борасидаги кенг қамровли хизматлари учун халқаро мукофотлар билан тақдирланган.  Шу кунга қадар, тарихчи ёзувчининг 12 та китоби нашр этилган.