21 октябрь — Ўзбек тили байрами куни муносабати билан Токио чет тиллар университети ўқитувчилари ва талабалари халқимизга байрам тилакларини йўллади, деб хабар бермоқда, «Дунё» АА мухбири.
Шинсуке Хидака, Токио чет тиллар университетининг тадқиқотчиси, Япония тиллар жамияти аъзоси:
— Ассалому алайкум. Ўзбек тили байрами куни билан барчангизни табриклайман!
Авваламбор, мен нега ўзбек тилини ўрганаётганим ҳақида гапирмоқчиман. Қарийб 8 йил аввал ўзбек тилини ўрганишни бошлаганман. Бунга тилшунослик ва кўп тилларни ўрганишга қизиқишим сабаб бўлган.
Бу йил март ойида ўзбек тилининг лингвистикасига бағишланган диссертация ёқлаб PhD илмий даражасини олдим.
Назаримда ўзбек тилининг грамматикаси япон тили грамматикасига жуда ўхшайди. Масалан, сўз ясаш ва гап тузиш бўйича. Шунинг учун японларга ўзбек тилини ўрганиш анча осон бўлади. Мен бу йўналишдаги тадқиқотларимни яна давом эттирмоқчиман.
Моҳинур Турдиахунова, Токио чет тиллар университетининг ўқитувчиси:
— Мен Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини битирганимдан кейин Нагоя университетининг ҳуқуқшунослик факультетида магистратурани тамомладим. Ҳозир Токио чет тиллар университети талабаларига ўзбек тилининг оғзаки нутқи бўйича дарс бераяпман.
Университет талабалари ҳам Ўзбек тили байрамини хурсандчилик билан қарши олмоқда. Улар ўзининг интизоми ва тиришқоқлиги билан ажралиб туради.
Улар билан ҳар бир дарсимизда Ўзбекистон ҳаётига оид сўнгги янгиликлар билан танишамиз. Бунда грамматик қоидалар билан бир қаторда оғзаки нутқдаги турли услублардан ҳам фойдаланишга катта эътибор берилади.
Талабаларнинг фаоллиги ҳар бир дарсни қизиқарли ўтишига катта ҳисса қўшади. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, талабаларни ўзбек тилини самарали ўрганиш жараёнида Токио чет тиллар университетидаги ўзбекшунос профессорларнинг меҳнати беқиёсдир. Улар ўзбек тили бўйича турли дарслик ва қўлланмалар ёзган. Бундан ташқари, ушбу университетнинг бой кутубхонаси бўлиб, унда талабаларнинг тил ўрганиши учун барча шароит яратилган.
Юко Накаи, 4-курс талабаси:
— Менинг исмим Юко Накаи. Исмимнинг ўзбекча таржимаси — Юлдуз. Мен шу университетда ўзбек ва рус тилларини ўрганаяпман.
2019 йилдан шу йил март ойигача Тошкент давлат шарқшунослик университетида малака оширдим. Ушбу имкониятдан самарали фойдаланиб, ўзбек тили ва маданиятини яхшироқ ўрганишга ҳаракат қилдим. Юртингизда олган билимларим ўзбек тилини янада чуқурроқ эгаллашимда қўл келмоқда.
Фурсатдан фойдаланиб, сизларни Ўзбек тили байрами куни билан самимий муборакбод этаман.