Жорий йилнинг 10 ноябрь кунида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети “Амалий этнология” лабораторияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси билан ҳамкорликда “Ўзбекистонда миллатлараро муносабатлар ва амалий этнологияни ривожлантириш истиқболлари” республика илмий семинари ўтказилди.
Анжуман ZOOM платформасида бўлиб ўтди. Унда университет профессор ўқитувчилари, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ходимлари, Қўмита раҳабрияти иштирок этишди.
Маълумки, халқларнинг этно хусусиятларини эътиборга олмаслик, уларга ҳурматсиз муносабатда бўлиш, миллатларнинг урф-одат ва анъаналари, қадриятларининг камситилиши бугун дунёда содир бўлаётган кўплаб низоларнинг асосий сабабчиси ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ташкил қилингач, айни шу масалада мамлакатимизнинг этник харитасини яратиш, бу бўйича илмий марказлар ташкил қилиш, тизимдаги мавжуд ҳолатни илмий жиҳатдан ўрганиш мақсадида соҳа мутахассислари, олимлари томонидан кўплаб таклифлар илгари сурилди. Эътиборлиси, Ўзбекистон Миллий университетининг тарих факультетида этнология ва ижтимоий антропология йўналиши бўйича 2019 – 2020 ўқув йилида бакалаврларни тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш бўйича билдирилган таклиф ҳукуматимиз томонидан қўллаб-қувватланди.
Ҳозирги кунда дунёнинг кўплаб мамлакатларида этнология ва антропология бўйича малакали мутахассислар тайёрланади. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизда миллатлараро тотувликни таъминлаш борасида юргизаётган оқилона сиёсати туфайли 2019 йилдан бошлаб Ўзбекистон Миллий университети тарих факультетида этнология ва ижтимоий антропология бўйича янги йўналиш ташкил қилинди. Ҳозирда мазкур факультетда 28 нафар ёш кадр соҳа сир-асрорларини чуқур ўрганмоқда.
Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси ўринбосари Азамат Тошев ўзининг кириш сўзида Қўмита фаолияти ҳақида маълумот бериб, университет қошида ташкил қилинган этнология ва ижтимоий антропология йўналишида таҳсил олаётган ёшлар мамлакатимиз ва минтақамизда яшаётган турли миллатлар, элатлар, уруғларнинг ўзига хосликлари, ҳудудларнинг этник қиёфаси бўйича билим олиб, миллатлараро муносабатлар соҳасидаги устувор йўналишларни англаш орқали ҳозирги ҳолат, уларнинг сабаблари, илдизларини ўрганиш, мониторинг қилиш ва бу борадаги муаммоларни бартараф этиш буйича етук мутахассис бўлиб етишига ишонч билдириб, соҳа йўналишида кадрлар тайёрлашда Қўмитанинг университет билан ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканини таъкидлаб ўтди. Бунга миллатлараро муносабатлар соҳасида дала тадқиқоти ва тарғибот тадбирларини самарали ташкил этиш мақсадида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ҳамда Ўзбекистон миллий университети билан ҳамкорлик меморандумининг имзоланиши белгиланган ишларни амала оширишда яхши омил бўлишига эътиборини қаратди.
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ректори, профессор А.Марахимов, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Тарих факультети декани, с.ф.д. профессор А.Муминов, ЎзРФА Тарих институти “Этнология ва антропология” маркази раҳбари, т.ф.д., профессор А.Аширов ва бошқалар антропология ва этнология йўналишидаги долзарб масалалар бўйича маърузалар қилишди, ечими кутилаётган муаммолар бўйича ўзларининг таклифларини беришди.