2020 йил glavnaya Популярные новости Мероприятия Янги Ўзбекистон

Юртимизда “Широкая Масленица” кенг нишонланди

Пойтахтимизнинг сўлим гўшаларидан бири — «Наврўз» истироҳат боғида Славян халқларининг миллий байрами — “Широкая масленица” ўтказилди. Тадбирда мамлакатимиздаги вазирлик ва идоралар ходимлари, дипломатик корпус вакиллари, турли миллий маданий марказлар раислари ва фаоллари, пойтахт аҳолиси ва меҳмонлар ҳамда Оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

Меҳмонлар эътиборига концерт дастури таклиф этилди. қизқарли викториналар, танловлар ҳам йиғилганларга манзур бўлди. Боғнинг икки тарафида чиқиш қилган «Калинушка» славян қўшиқ ансамбли, «Ветеран хор», «Қалбли куйлар», «Ивушка» халқ куйлари каби 20 га яқин санъат гуруҳлари танлов, ўйин-кулги билан барчаги кайфиятига янада кўтаринкилик бағишлашди. Рус маданий Марказининг ёш фаоллари рус халқ эртакларининг қаҳрамонларини акс эттирган томошаларни намойиш қилишди. Байрам меҳмонларига миллий таомлар — асал, калачи, чинакам самовар чойи таклиф этилди.

 

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси билан ҳамкорликда Рус миллий маданий маркази томонидан ташкил этилган байрам тантаналари табиат билан инсон ўртасидаги азалий боғлиқликни тараннум этувчи дастур ва қизиқарли томошаларга бой бўлди.

 

Байрамнинг тантанали очилиш маросимида қўмита раиси Рустамбек Қурбонов барча йиғилганларни самимий қутлаб, юртимизда хукм сураётган осойишталик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик бугунги сингари байрамларни ўтказишимизга замин яратаётганини таъкидлади. Шунингдек у яқинлашиб келаётган ўзбек халқининг энг севимли байрамларидан бири Наврўзи айёмини биргаликда кўтаринки руҳда нишонлашга тилак билдирди.

 

 

Ўзбекистон ва Тошкент Митрополити Викентий байрамнинг асосий ғояси хусусида гапирар экан, барча инсонлар бир-бирлари билан аҳил иноқ яшашлари, яқинларига ширин сўз бўлиб ёрдамини аямасликлари кераклигини таъкидлади. Шунингдек давлатимиз томонидан диний бағрикенглик, миллатлараро тотувликка қаратилган эътиборни юқори баҳолади. Бу каби тадбирларни ўтказишда мамлакатимиз хукумати томонидан доимо амалий кўмак кўрсатилаётганини эътироф этди.

 

 

Байрам давомида истироҳат боғида амалий ва тасвирий санъат, ҳунармандчилик бўйича маҳорат дарслари ташкил қилинди. Анжуманда шунингдек, “Широкая масленица” тарихи, уни нишонлаш билан боғлиқ урф-одат ва анъаналарнинг мазмун-моҳияти, аҳамияти хусусида сўз юритилди. Рус миллий куй-қўшиқлари, ёш истеъдод эгаларининг бадиий чиқишлари сайлга ўзгача тароват бағишлади.