2020 год glavnaya Популярные новости Мероприятия

Келажакка дахлдор ҳужжат​

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг парламентга 2019 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни ва Ўзбекистон Республикасини 2020 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишларига бағишланган Мурожаатномаси турли вазирлик ва идоралар, ташкилот ва қўмиталар, бутун халқимиз томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида ҳам Ватанимизнинг келгусидаги тараққиётига тааллуқли ушбу Мурожаатнома тўғридан-тўғри трансляция орқали кузатиб борилди. Кўп миллатли жонажон Ўзбекистонимизда ушбу Мурожаатнома ҳар бир ҳамюртимизнинг ҳаёти, тақдири, фарзандлари келажагига дахлдор экани яна бир карра ўзининг ёрқин ифодасини топди. Тадбир иштирокчиларининг Мурожаатномага оид фикрлари билан қизиқдик.
 

Дурдона АВЕЗДУРДИЕВА, Республика Туркман миллий маданий маркази раисининг ўринбосари:

– Назаримда ушбу Мурожаатнома наинки бир йил, балки Ватанимизнинг кўп йиллик тараққиётини олдиндан белгилаб бергани билан аҳамиятли бўлди. Унда жамият ҳаётининг барча жабҳалари кенг ва атрофлича, мукаммал қамраб олингани, ҳаётимиздаги ҳеч бир муаммо, долзарб масала давлатимиз раҳбарининг назаридан четда қолмагани алоҳида таҳсинга лойиқдир. Ўзбекистонда бугунги кунда истиқомат қилаётган кўплаб миллат ва элат, диний конфессия вакиллари шу табаррук заминни ўзининг она юрти деб ҳисоблайди. Барчамизнинг фарзандларимиз шу азиз диёрда вояга етади, униб-ўсади, таълим-тарбия олади. Шу боис давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномада ёшларнинг замонавий билимларни эгаллаши учун зарур барча шароит ва имкониятларни, қулайлик ва имтиёзларни яратиш борасидаги фикрларини оддий она сифатида қалбимда ғоят катта ҳаяжон билан кутиб олдим.

 

Фахриддин ЎТБОСАРОВ, Ўзбекистондаги Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази бўлим бошлиғи:

– Дарҳақиқат, бугунги кунда муайян мамлакат, жамият тараққиётини илғор технологиялар, айниқса, рақамли технологияларсиз, замонавий билимларни пухта эгаллаган ёш мутахассис кадрларсиз тасаввур этиш мумкин эмас. Айни пайтда ушбу жиҳатлар мамлакатнинг халқаро миқёсдаги обрўси ва имижини ҳам белгилашда устувор ўрин эгаллайди. Президентимизнинг рақамли технологияларни жадал равнақ топтириш, айниқса таълим, соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт, ижтимоий жабҳаларга кенг жорий этишга доир фикрлари кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди. “Рақамли Ўзбекистон – 2030″ дастурини ишлаб чиқишга оид таклифлари мамлакат ривожини янада илдамлаштириб юборишдек эзгу мақсадларни кўзлаши билан аҳамиятлидир.

Президентимиз 2020 йилда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти билан муносабатларни ривожлантириш – Ўзбекистон ташқи сиёсатининг муҳим йўналиши бўлиб қолиши, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (Россия, Озарбайжон), Марказий Осиё, Европа Иттифоқи (Италия) ва Осиё (Хитой, Ҳиндистон, Туркия) мамлакатлари билан олий даражадаги икки ва кўп томонлама тадбирлар ўтказилиши кутилаётганини алоҳида таъкидлади. Давлатимиз раҳбарининг Мурожаатидан кўриниб турибдики, давлатлараро ўзаро қўшничилик ва ишончли ҳамкорлик, миллатлараро ва конфессиялараро тотувлик, ШҲТга аъзо давлатларнинг ҳозирги замон тараққиётини ривожлантиришга ҳисса қўшишдек эзгу мақсад йўлида янада кўпроқ масъулият билан фаолият олиб бориш бурчимиздир.

Лола ЖУМАНОВА, Республика Қозоқ миллий маданий маркази фаоли:

– Бугун биз улкан тарихий воқеанинг гувоҳи бўлдик. Буни Президентимизнинг бутун мамлакатга, халқимизга Мурожаати деб ҳам аташ мумкин. Давлатимиз раҳбари нутқларини катта ҳаяжон ва масъулият билан тингладик. Ундан тўлқинланмаган ҳамюртимизнинг ўзи бўлмаса керак. Умр бўйи ўқитувчи бўлиб меҳнат қилганман. Давлатимиз раҳбарининг болаларни мактабга олти ёшдан қабул қилиш, педагогика йўналишидаги олий ўқув даргоҳидаги таҳсилни уч йил этиб белгилаш, ёшларнинг олий ўқув юртларида билим олишини тўлов контракти эмас, балки айнан давлат гранти асосида оширишга оид таклифларини ойнаижаҳонда кўрганимиздек, наинки бугунги йиғилиш иштирокчилари, назаримда бутун мамлакат аҳли катта қувонч билан кутиб олди, десам муболаға бўлмайди.

Ренат ГУЛЯЕВ, Республика Бошқирд миллий маданий маркази раҳбари:

– Юртбошимизни рақамлаштириш, интернетни ривожлантириш, олий таълим, илм-фан, маънавият ва маърифатга доир фикрлари ҳеч кимни бефарқ қолдирмади. Халқимиз янги йилга муайян ном берилишини интиқлик билан кутади. Негаки, шу номга мутаносиб тарзда жамият ҳаётига доир кўплаб эзгу ташаббусларга старт берилади. Шу маънода 2020 йил – Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили, деб эълон қилинганини кўпчилик мамнуният билан кутиб олди. Дарҳақиқат, бугунги шиддатли глобализация даврида давр талабига монанд технологияларни ўзлаштирмас эканмиз, тараққиёт ҳақида ҳатто орзу қилиш ҳам мумкин эмас.

Насиба ЗАЙНИДДИНОВА, Республика Тожик миллий маданий марказининг масъул ходими:

– Президентимизнинг сўзларини тинглар эканман, Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романидаги Юсуфбек Ҳожининг «Бу хонадондан ҳеч ким норизо бўлиб кетмаслиги керак», деган сўзлари мамлакатимизда инсон омилига устувор аҳамият қаратилаётган ислоҳотларнинг ҳам мазмунига ҳамоҳанг эканини ўйлаб қолдим. Давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномаси кучли ижтимоий йўналтирилгани билан эътиборимни тортди. Дарҳақиқат, ёшлар, хотин-қизлар, қариялар, тадбиркорлар, гўдаклар, Меҳрибонлик уйларининг норасида тарбияланувчилари, муҳтож оилалар, қўйинг-чи, барча-барчанинг манфаатларини ҳимоялашга, ғамхўрлик кўрсатиш, ҳаётини янада яхшилаш учун кенг имкониятлар яратиш учун асосий эътибор қаратилган. Авваллари айрим мавжуд камчиликлар ҳақида унчалик гап ҳам очилмас эди. Бугунги Мурожатномада давлатимиз раҳбари уларнинг барини рўй-рост очиқ ошкор айтиб, ечимига оид йўлларини ҳам белгилаб бергани алоҳида диққатга сазовордир.

Румия ДЕВЛИКАМОВА, Тошкент шаҳридаги Татар ижтимоий маданий-маърифий маркази вакили:

– Бу Ватанимиз истиқболини, унинг тараққиётини белгиловчи муҳим дастуриламалдир. Ўзбекистонда истиқомат этаётган турли миллат вакиллари шу заминдан бахт-иқбол, осойишталик, ҳаловат, фарзандлари камолотини топган. Йил бошида режалар тузиш яхши анъанага айланган. Президентимиз йўллаган қамрови ва залвори ғоят кенг бўлган Мурожаатномада иқтисодиёт, банк, қишлоқ хўжалиги, таълим, маданият ва санъат, илм-маърифат, барча жабҳа тўлақонли қамраб олинган.

Айниқса, кексаларга бўлган ўзгача ҳурмат ва эҳтиромдан қалбим тоғдек кўтарилган бўлса, ёшлар келажаги йўлидаги амалий эътибордан кўпларнинг қалбидаги ишонч янада мустаҳкамланди. Бу йил Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллиги кенг нишонланади. Қанчадан-қанча одамлар шу табаррук диёрдан бошпана, меҳр топган, ўзбек халқи охирги бурда нонини улар билан баҳам кўрди. Буни бугун кўплар миннатдорлик билан ёдга олади. Президентимизнинг «Биз уруш ва фронт орти фахрийларини фақатгина байрамларда эмас, балки ҳар доим эъзозлаб ардоқлашимиз, уларнинг соғлиғи ҳақида ҳар куни, ҳар соатда ўйлашимиз лозим. Жорий йилда уларга ҳар томонлама эътибор янада кучайтирилади. Хотира ва қадрлаш куни ва Ғалабанинг 75 йиллигини ҳар томонлама муносиб ва юқори савияда нишонлаш учун тайёргарлик ишларини пухта ташкил этишимиз керак», деган сўзларидан наинки менинг, кўпчилик ёши улуғ одамларнинг кўзида ёш қалқиди.

Усен ИСКЕНДЕРОВ, Уйғур миллий маданий маркази аъзоси:

– Президентимизнинг тадбиркорликка доир фикрлари кўпчиликнинг кўнглида умид учқунларини янада кучайтирди, десам муболаға бўлмайди. Мен ҳам аслида тадбиркорман. Авваллари тадбиркорлик фаолияти йўлида қандай тўсқинликлар ва ғовлар бўлганини эсласам, юрагим орқага тортиб кетади. Мурожаатномада Президентимиз тадбиркорларга янада кўпроқ имконият ва имтиёзлар бериш ҳақида батафсил тўхталди. Бугун мамлакатимизда миллатидан қатъи назар, ўзининг бор салоҳиятини намоён этиш учун ҳамма шароитлар яратилган. Давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномаси она Ўзбекистонимизнинг фаровонлиги йўлидаги муҳим амалий қадамдир.

ЎзА мухбири
Назокат УСМОНОВА ёзиб олди
ЎзА