Ҳар бир давлат ўз тараққиёт йўлини танлар экан, халқ фаровонлигини таъминлашга хизмат қиладиган энг муҳим мақсад ва вазифаларини ўзининг Асосий қонунида мустаҳкамлаб олади.
Бизнинг Бош қомусимиз жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар, юртимиз фуқаролари тенглигининг кафолаиланишини эътироф этди ва замонавий демократик тараққиёт учун замин яратди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 15 ноябрдаги № ПФ-5876 – сонли “Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони билан ишлаб чиқилган “Йўл харитаси”нинг 11-бандида аҳоли, шу жумладан болалар ва ёшларда фуқаролик бурчини англаш, ватанпарварлик, шаън ва қадр-қиммат, фуқаролик масъулияти, шунингдек, бағрикенгликка асосланган миллатлараро муомала маданияти ҳис-туйғусини мустаҳкамлашга қаратилган турли тиллардаги китобхонлар ўртасида хилма-хил танловларни ўтказиш, уларнинг ғолибларини таниқли шахслар (шоирлар, актёрлар, ёзувчилар, жамоат арболари ва бошқалар) иштирокида мукофотлашни ташкил этиш вазифаси топширилган.
Шу муносабат билан жорий йилнинг 4 декабрь куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида Конституциямиз қабул қилинган кунининг 28 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Ўзбекистон Миллий университети билан ҳамкорликда “Конституция – бахтимиз қомуси” мавзусидаги китобхонлик танлови бўлиб ўтди.
Тадбирда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси мутасадди ходимлари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, Тошкент давлат юридик университети, Ўзбекистон Миллий университети ўқитувчи ҳамда талабалари, Миллий маданий марказлар фаоллари, ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Қўмита раиси ўринбосари Азамат Тошев тадбир иштирокчиларини Конституциямиз қабул қилинганлигининг 28 йиллиги билан самимий табриклаб, Бош қомусимизнинг 4-моддасида Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва аъаналари ҳурмат қилинишини таъминлаши, уларнинг ривожланиши учун шароит яратиши муҳрлаб қўйилганлигига эътиборни қаратди. Яратилган ҳуқуқий база мамлакатимизда яшаётган 130 дан ортиқ миллат ва элатларнинг барча конституциявий ҳуқуқлардан фойдаланишни кафолатлашга хизмат қилаётганлигини алоҳида таъкидлади.
Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, Тошкент давлат юридик университет ва Ўзбекистон Миллий университети ўқитувчилари ўқувчи-ёшларнинг фикру онгида, қалбида Конституциямизга нисбатан ҳурмат, дахлдорлик, унда белгиланган меъёрларга амал қилишда масъулият туйғусини янада кучайтириш масалаларига тўхталиб ўтишди. Шунингдек, Конституциямиз инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, фуқаролик жамияти асосларини шакллантириш ва ривожлантириш, таълим, фан, маданият, маърифат ҳамда маънавиятнинг равнақ топишида мустаҳкам ҳуқуқий асос сифатида хизмат қилаётганини таъкидлаб ўтишди.
Анжуман давомида барча иштирокчилар танлов шартлари асосида ўз билимларини синовдан ўтказишди. Жараён ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди. Тадбир якунида танлов ғолиблари эълон қилиниб, ғолиблар ташкилий қўмитанинг қимматбаҳо совғалари билан тақдирландилар.