2020 йил glavnaya Популярные новости Янги Ўзбекистон

Кореяда ўзбек миллий таомлари эътироф этилмоқда

Маҳмуд Абдуллаев Жанубий Кореядаги «Лаззат» деб номланган Ўзбек миллий таомлар ресторани асосчиси ва раҳбаридир.

Ватандошимиз томонидан 2013 йилда Жанубий Кореянинг пойтахтида ташкил этилган ресторанда кореяликлар ва ушбу мамлакатда яшовчи чет эллик фуқаролар орасида ўзбек миллий таомларини таништириш орқали юртимизнинг гастрономик туризм салоҳияти тарғиб қилинмоқда.

Умуман олганда, М.Абдуллаев Ўзбекистон туризм соҳасини ривожлантириш, унинг нуфузини халқаро миқёсда ошириш борасида кенг кўламли ишларни амалга ошириб келмоқда. Хусусан, Жанубий Кореянинг марказий телеканалларида ўзбек миллий таомлари ва уларни тайёрлаш ҳақидаги кўрсатувларда иштирок этиб боради.

Сеул шаҳри ҳокимиятининг ва Жанубий Корея Туризм Қўмитасининг таклифларига биноан 7 йилдан буён ўтказилаётган “Халқаро таомлар кўргазмалари”да ўзбек миллий таомларини тайёрлаб фахрли ўринларни эгаллаб келмоқда. Ватандошимиз Жанубий Кореянинг онлайн савдо бозорида ҳам ўзбек миллий таомларини сифатли ва тез етказиб бериш бўйича етакчилар орасидан жой олган.

Шу билан бирга, ўзбек миллий таомларига қизиқиши бўлганлар учун маҳорат-дарсларини ҳам ўтказиб боради. Ўз ўрнида, М.Абдуллаев фаолияти Кореядаги блогерлар томонидан ҳам кузатиб борилишини алоҳида таъкидлаб ўтиш мумкин. Маҳмуд Абдуллаев 2020 йилнинг 27 сентябрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Туризм фидойиси” кўкрак нишони билан тақдирланган.