2021 йил glavnaya Популярные новости Янги Ўзбекистон

«Корё» ансамблининг бадиий раҳбари Маргарита Хан: Корейс миллий рақси билан шуғулланиб, Ўзбекистон учун муҳим ва зарур иш бажараётганимни ҳис қиламан

«Дунё» АА мухбири «Корё» анъанавий рақс ансамбли бадиий раҳбари, Ўзбекистон Корейс маданият марказлари уюшмаси аъзоси Маргарита Хан билан суҳбатлашди.

– Ансамблимиз 1998 йилдан буён фаолият юритиб келади, — деди М.Хан. — Унинг репертуари, асосан, анъанавий корейс рақсларидан тузилганига қарамасдан, мусиқали театр томошаларини ҳам саҳналаштирамиз. Биз ўз олдимизга жуда чиройли ва таъсирчан анъанавий корейс маданиятини сақлаб қолиш ва оммалаштиришни мақсад қилиб қўйганмиз. Бу борада Корейс маданият марказлари уюшмаси ва Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси катта ёрдам бермоқда. Бунинг учун уларга алоҳида миннатдорлик билдираман.

Ўзбек ва корейс маданиятлари кўплаб умумий хусусиятларга эгалигини таъкидлашни истардим. Шу сабабдан бўлса керак, ансамбль таркибида ўзбек миллатига мансуб вакиллар кўпчиликни ташкил қилади. Жамоамизда, шунингдек, руслар ва татарлар ҳам шуғулланади. Биз корейс рақс санъати билан қизиқадиган барча-барча билан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз.

Рақс жамоамизга Корейс маданият марказлари уюшмаси томонидан «Миллат мероси» унвони берилганидан фахрланамиз.

Жамоамизда, асосан 12 ва ундан катта ёшдаги қизлар шуғулланади. Бироқ, табиийки, рақс санъати билан шуғулланишдан завқ оладиган барча ёшдагилар учун ҳам эшикларимиз доимо очиқ.

Биз 5 та катта концерт ва 2 та мусиқали спектакль саҳналаштирганмиз. 2019 йил етти пари ҳақидаги қадимий афсонага асосланган «Севги афсонаси» номли миллий услубда ишланган мусиқали саҳна кўринишини тайёрлаб, томошабинларга тақдим этдик.

Биз, хусусан, деҳқонлар ва сарой ҳаёти ҳамда буддавийликка оид турли анъанавий рақсларни қадимий ва замонавий корейс қўшиқлари билан уйғунлаштирган ҳолда намойиш этишга муваффақ бўлдик. Айни пайтда,

12 февраль куни ой тақвимига кўра янги йил кутиб олинади. Ансамблимиз аъзолари шу куни «Келажакка қайтиш» номли спектаклни намойиш этишга тайёргарлик кўраяпмиз. Сюжет марказида ўтмишга тушиб қолган ёш қаҳрамонлар туради. Бу бизга замонавий ва кўҳна маданиятимизни уйғунлаштириш, бой анъаналаримиз ва чуқур илдизларимиз ҳақида томошабин тушунадиган тилда ҳикоя қилишга имкон беради.

Марказий Осиё мамлакатларидаги корейс маданият марказлари билан яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатганмиз. Хусусан, 2020 йил Қирғизистонда намойиш қилган спектаклимиз илиқ қарши олинди. Ўтган йил Корея Республикасида ўтадиган фестивалга ҳам таклиф олган эдик, аммо, афсуски, пандемия бошланиб, ижодий сафаримиз амалга ошмай қолди.

Сеул катта театрида ўтказган амалиётим давомида анъанавий рақс техникаси ва фалсафаси билан яқиндан танишдим. Бу мен учун жуда қизиқарли ва фойдали тажриба бўлди. Шунингдек, Корея санъат марказида ҳам таҳсил олдим. Корейс санъати халқаро фестивалида салпури рақсини ижро этиб, иккинчи ўринни эгалладим.

Инсон ҳаётида самимий муҳаббат ва ката қизиқиш билан бажарадиган иш у учун осон бўлади. Шу сабабли бўлса керак, барча динларда инсон ҳаётининг биринчи шарти муҳаббат экани таъкидланади. Зеро бу ҳиссиёт ва тушунчасиз яшаш, ишлаш, бирон бир нарса яратиш қийин бўлади. Ҳар бир инсон, жумладан, мен учун ҳам ўз иши, халқи, Ватанига бўлган муҳаббат жуда муҳимдир, деб ҳисоблайман.

Ўзбекистонда корейс диаспораси қўллаб-қувватланаётганидан жуда мамнунмиз. Маданиятимизни эркин ривожлантиришимиз, урф-одатларимизни эъзозлашимиз, она тилимизни ўрганишимиз учун барча шароитлар яратилган.

Бу бағрикенг жамиятда яшаётганимиздан дарак бериб, мамлакатимиз раҳбарияти олиб бораётган узоқни кўзланган сиёсатни ифода этади. Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллиги шарафига давлат мукофотига сазовор бўлганим ҳам мен учун қувонарли воқеа бўлди. Бу эса Ватаним учун муҳим ва зарур иш қилаётганимни, Ўзбекистон тақдирига янада даҳлдор эканимни ҳис этишга имкон берди.