COVID-19ни юқтириб олиб, уни енгган ва шифо топган инсон вирусни яна 90 кун давомида вирус зарраларини чиқариши мумкин.
Бу ҳақда Роспотребнадзор раҳбари Анна Попова Россия Фанлар академияси президиуми йиғилишида маълум қилди.
«Бизда ҳам хорижий давлатларда олиб борилган кузатувлар натижалари бор. Унга кўра, коронавирусдан бутунлай фориғ бўлган инсон яна 90 кунгача ўзидан вирус зарраларини чиқаради. Россия Федерациясидаги кузатувларимиз натижаси 48 кунгача, чет элда эса 90 кунгача эканлигини кўрсатмоқда. Бунда инсонда ҳеч қандай аломатлар бўлмайди, ўзини жуда яхши ҳис қилади, қони ва барча кўрсаткичлари ҳам ижобий натижаларни кўрсатади, аммо у вирус зарраларини бурни орқали чиқаради», — дея таъкидлади Попова.
Аммо ушбу кузатувлар хулосасининг хасталикдан тузалган одамнинг уни бошқаларга юқтириши мумкинлигини англатадими ёки йўқлиги борасида аниқ фикрлар билдирилмади.
Роспотребнадзор раҳбари, шунингдек, дунёда фақат иммунитет тизимининг бузилиши билан ажралиб турадиган вазиятлардан ташқари коронавирус инфекциясининг аниқ исботланган қайта юқтириш ҳолатлари мавжуд эмаслигини, шунинг билан бирга, ниқоб тақиш режимини барча одамлар – эмланганлар учун ҳам, касаллар учун ҳам сақлаш кераклигини қайд этди.