“Ўзбекистон Республикасининг Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021-2025 йилларга мўлжалланган миллий стратегияси” лойиҳаси муҳокамасига бағишланган Миллий маслаҳатлашув йиғилиши бўлиб ўтди.
Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгаши, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда депутатлар, вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Президентимизнинг Конституция кунидаги маърузасида 2021-2025 йилларга мўлжалланган Коррупцияга қарши курашиш миллий стратегияси устида иш олиб борилаётгани қайд этилганди.
Давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномасида кўплаб йўналишлар қаторида коррупцияга қарши курашиш масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди. Коррупцияга қарши курашишда барчанинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.
Юқоридаги вазифалардан келиб чиқиб, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан соҳалар ва йўналишларнинг чуқур таҳлили, аҳоли ва кенг жамоатчилик фикр-мулоҳазалари, хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда “Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021-2025 йилларга мўлжалланган миллий стратегия”нинг дастлабки лойиҳаси тайёрланди.
Лойиҳани маромига етказиш, ҳар бир бандидаги вазифаларнинг ҳаётийлигини таъминлаш мақсадида миллий ва халқаро маслаҳатлашувлар ташкил этиш кўзда тутилган.
Бу борадаги биринчи йиғилишда Миллий стратегия коррупцияга қарши курашишда устувор вазифаларни белгилаб берувчи, ушбу йўналишдаги ҳаракатларни бирлаштирувчи ва мувофиқлаштирувчи ҳужжат ҳисобланиши айтилди.
Ҳужжатни тайёрлашда Грузия, Қозоғистон, Эстония, Малайзия, Индонезия, Италия, Буюк Британия каби хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилган.
Миллий стратегия лойиҳасида мамлакатнинг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги жорий ҳолати, камчиликлар, давлат сиёсатининг келгусидаги асосий йўналишлари акс эттирилиши кўзда тутилган. Шунингдек, ушбу вазифалар бажарилишини мониторинг қилиш ва молиялаштириш механизмини белгилаш ҳамда амалга оширилган ишлардан кутилаётган натижалар ҳам ўрин олади.
Йиғилишда ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш, давлат хизмати тизимининг норматив асосларини такомиллаштириш, суд ҳокимиятининг мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, даромадларни декларация қилиш тизимини босқичма-босқич жорий этиш, давлат харидларининг самарали ҳуқуқий механизмларини яратиш, фуқаролик жамияти институтлари, ОАВ фаолиятининг чинакам эркинлигини таъминлаш бўйича тегишли таклифлар билдирилди. Шулар асосида Миллий стратегиянинг дастлабки лойиҳаси такомиллаштириладиган бўлди.
Муаттар Бурҳонова, ЎзА