2020 йил glavnaya Янги Ўзбекистон

Кувайтдаги ватандошлар Ўзбекистон Президентининг мамлакат парламентига Мурожаатномасида илгари сурган ташаббусларини қўллаб-қувватламоқда

Кувайтдаги ўзбек диаспораси вакиллари Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида илгари сурилган ташаббуслар бўйича ўз фикрларини йўллади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

— Ўзбекистон Президентининг парламентга Мурожаатномасида барча ўзбекистонликларни қизиқтирган энг муҳим, долзарб масалаларга эътибор қаратилди, — деди «ал-Адан» шифохонаси жарроҳи, ватандошимиз Шукур Исамуҳамедов. — Республикамизнинг халқаро обрўсини янада юқори даражага кўтарган ўтган йилги ижобий натижаларни сарҳисоб қилар экан, давлатимиз раҳбари яқин келажакда мамлакатни ривожлантириш ва модернизация қилиш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб берди.

Муҳими, Президент долзарб иқтисодий вазифалар билан бир қаторда ёшлар тарбияси, таълим, тиббиёт ва инновацияларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.

2021 йилнинг «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» деб эълон қилиниши мамлакатимизни янада ривожлантириш асосларини мустаҳкамлашда катта аҳамиятга эга.

Шифокор сифатида мен Ўзбекистон Президентининг тиббиёт ходимларининг меҳнат ва яшаш шароитларини яхшилаш, шунингдек, уларнинг малакасини ошириш бўйича таклифларини тўлиқ қўллаб-қувватлайман.

Ўзбекистон раҳбарининг барча ташаббуслари аҳоли фаровонлиги ва мамлакат тараққиётини мустаҳкамлашга йўналтирилган.

«Ўзбекистон Президентининг Мурожаатномасида таълим соҳасидаги давлат сиёсатини ишлаб чиқиш, университетларнинг нуфузини ошириш, нодавлат таълим муассасалари сонини кўпайтириш ва, энг муҳими, турли соҳаларда миллий кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилди», — деди Кувайт мусиқа университети ўқитувчиси Собиржон Муҳаммадиев.

— Мамлакатимиз раҳбарининг таклифлари юқори баҳога лойиқ, чунки илм-фан ва таълимга сармоя жалб қилиш давлатнинг муносиб келажагини таъминлашда муҳим қадам бўлади, — деб таъкидлади у. — Хусусан, олис мактабда дарс берадиган ўқитувчиларнинг ойлик маошининг кўтарилиши таълим соҳасига бўлган эътиборни ифодалайди.

Сўнгги тўрт йил ичида Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш, таълим, йўл ва уй-жой қурилишида кўплаб лойиҳалар амалга оширилди. Шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини кучайтириш, ёшлар учун янги иш ўринлари яратиш ва таълим тизимини мустаҳкамлаш бўйича амалий чоралар кўрилди.

Бу ва бошқа ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар халқаро ҳамжамиятда, шунингдек, барча ўзбекистонликлар, шу жумладан чет элда яшовчи ватандошлар томонидан кенг қўллаб-қувватланмоқда.