Жорий йилнинг 26 август куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида Литвадаги Ўзбек маданият Маркази раиси Лейла Урманова қўмита раиси Рустамбек Қурбонов томонидан қабул қилинди.
Қўмита раиси мавжуд 137 та миллий маданий марказлар ва 35 та дўстлик жамиятлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи, хорижий мамлакатлардаги турдош жамиятлар ва ватандошларнинг ижтимоий ташкилотлари билан яқиндан ҳамкорлик қилувчи Қўмитанинг таркиби, мақсадлари ва вазифалари ҳақида маълумот берди.
Ўзбекистон ва Литва ўртасида жамиятнинг турли йўналишларида хусусан, таълим, туризм, мехнат муносабатлари соҳаларида ҳам алоқалар ривожланиб бораётганлиги баён этилди.
Марказ раиси Л.Урманова Литванинг Висагинас шаҳар мэри Ўзбекистоннинг Навоий шаҳарлари билан биродарлашув алоқаларини ўрнатишга қизиқиш билдирганини айтди.
Р.Қурбонов суҳбат давомида Литванинг Висагинас шаҳри ва Ўзбекистоннинг Навоий шаҳарлари ўртасидаги биродарлашув алоқаларини ўрнатилишига Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, Навоий вилояти ҳокимиятидан ижобий жавоб олинганини айтиб ўтди.
Шунингдек, Ўзбекистонда халқаро бахшичилик санъати фестивали, халқаро мақом санъати фестивали ўтказилиб келинаётганини таъкидлади.
Суҳбат давомида Р.Қурбонов икки томонлама дўстлик алоқаларини ривожлантиришга ва мустаҳкамлашга хизмат қиладиган бир қанча таклифларни билдириб ўтди.
Ўз навбатида, Л.Урманова самимий қабул учун Қўмита раҳбариятига чуқур миннатдорчилик билдириб, Ўзбекистон ва Литва ўртасидаги дўстлик алоқалари йилдан йилга мустаҳкамланиб бораётганини, бундай алоқалар халқларни янада яқинлаштиришга хизмат қилаётганлигини таъкидлади.
Л.Урманованинг фикрига кўра, Ўзбекистон томонидан охирги йиллар давомида эришилаётган ўзгаришлар, ютуқлар, мамлакат Президенти Ш.Мирзиёев томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар натижаси ва Ўзбекистон халқининг бундай сиёсатни тўлақонли қувватлаши натижасидир. Л.Урманова дўстлик алоқаларини ривожлантиришга ва мустаҳкамлашга хизмат қиладиган бир қанча таклифларни билдириб ўтди. Жумладан,
— Литванинг Висагинас ҳамда Ўзбекистоннинг Навоий шаҳарлари ўртасида биродарлашув алоқаларини ўрнатиш.
— Икки мамлакатлар ўртасида иқтисодий форумлар ўтказиш.
— Литвада ҳар йили Ўзбекистоннинг тарихи, маданияти ва бошқа соҳалардаги ютуқларини намойиш қилувчи кўргазмалар ўтказилиши юзасидан амалий ёрдам кўрсатиш.
Учрашувда Ташқи ишлар вазирлиги ҳодими Р.Рустамов қатнашди ва Л.Урманованинг ташрифи бўйича савол ва таклифлар бўлса амалий ёрдам кўрсатилишини айтди.
Учрашув конструктив руҳда ўтди, ва томонлар бундан кейин ҳам самарали ҳамкорлик қилишга ишонч билдирдилар.