Франция президенти Эмманюэль Макрон Франция ҳукуматининг 2015 йилда Charlie Hebdo журналида чоп этилган пайғамбар карикатураларига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини ва мусулмонларнинг бундай карикатуралар сабабли кечираётган ҳис-туйғуларини тушунишини айтди. У бу ҳақда Al Jazeera телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди.
Франция президенти мусулмонларнинг пайғамбарга карикатуралардан ғазабга тушаётганларини тушунишини ва ислом оламида Францияга қарши ўтаётган норозиликлар Париж яқинида содир этилган терактдан кейин айтган сўзлари нотўғри талқин этилгани сабабли бошланганини айтган. “Одамлар буни гўёки мен бу расмларни қўллаб-қувватлашимдек тушунишди, бироқ бундай эмас”, деб айтган Франция президенти.
“Мен бундай ҳис-туйғуларни тушунаман ва ҳурмат қиламан. Бироқ менинг ролим нимадан иборатлигини тушунишингиз керак. У иккита нарсани таъминлаши керак: тартибни ва ҳукуқлар ҳимоясини”, деб айтган Макрон ва Францияда “эркин гапириш, ёзиш, фикрлаш, расм чизиш” ҳуқуқини доим ҳимоя қилишини қўшимча қилган.
16 октябрда Париж яқинидаги Кофлан-Сент-Орион шаҳри коллежларидан бири ўқитувчиси, ўз ўқувчиларига Муҳаммад алайҳиссалом карикатураларини намойиш қилган Самуэл Пати ўлдирилганди. Уни ўлдиришда чечен миллатига мансуб 19 ёшли Абдулак Анзоров гумон қилинмоқда. Анзоров Twitter’да ўқитувчини пайғамбарни ҳақоратлагани учун “қатл этгани” ҳақида хабар қолдирган.
Макрон ушбу қотилликни “ислом террорчилигига хос хатти-ҳаракат” деб атаганди. Франция президенти ундан аввалроқ, октябрь ойи бошидаги маърузасида “ислом дини дунё бўйлаб инқироз ҳолатини бошдан кечирмоқда” дея таъкидлаганди. Аммо пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломнинг карикатураси чизилганини сўз эркинлиги деб ҳисоблаши кўплаб давлатларда мусулмонлар ғазабига сабаб бўлди.