Тақдимот
Ниҳоят, миллий маданиятимиз жонкуярлари, киномухлислар, жумладан ўзим ҳам орзиқиб кутган дамлар етиб келди. Давлатимиз раҳбарининг тавсияси билан миллий қаҳрамонимиз Жалолиддин Мангуберди ҳақида яратилган кинофильмнинг илк қисмлари томошабинлар эътиборига ҳавола этилди…
Албатта, бу кунларга етиб келишнинг ўзи бўлмади. Пандемия шароити режадаги ишларимизни бир оз кечикишига сабаб бўлди. Лекин бизнинг ҳамкорларимиз, ҳомийларимиз, қолаверса, ўзбек-турк ижодкорлари орасидан саралаб олинган истеъдодли актёр ва актрисаларимизнинг ғайрат-шижоати, сабр-тоқати, матонати туфайли ҳаракатларимиз ўз самарасини берди.
Тақдимотга ташриф буюрган Ўзбекистон Президенти маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, Миллий мас-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева, Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Меҳмет Сурайя Эр ва Ориент Финанс Банк Бошқарув кенгаши раиси Бобур Парпиевларнинг самимий сўзлари, кинофильм ҳақида, икки халқ ижодкорларининг дўстона фаолияти ҳақидаги эътирофи кўнгилга рағбат берди. Давлатимиз раҳбарининг тарихимизни чуқур ўрганишимиз кераклиги ҳақидаги чақириғига жавоб берадиган лойиҳалардан бири бўлганидан мамнунмиз. Айниқса, лойиҳа раҳбари Саида Мирзиёеванинг самимий сўзлари, одамларда миллий ғурур туйғуларини шакллантирувчи, кучайтирувчи киноасар сифатида унинг ижодкорларига, иштирок этган актёр ва актрисалар меҳнати, лаёқатига юқори баҳо бергани бу борадаги ишларимизга илҳом, жўшқинлик бағишлади дейиш мумкин…
Дунёда ҳеч ким бас келолмаган ёвуз, ўта айёр ва маккор душман Чингизхонга қарши чиқа олган, ўз халқи озодлиги йўлида жонини аямаган миллий қаҳрамонимиз Жалолиддин Мангуберди ҳақидаги ушбу сериал нафақат ўзбек халқи, балки жаҳон мамлакатлари кино мухлисларида ҳам катта таассурот қолдириши мумкинлиги қалбимизни қувонч, фахр-ифтихорга тўлдиради. Қолаверса, “Мендирман” қўшиғи билан қалбимдан чуқур ўрин олган Жалолиддин Мангубердини юракдан севиб қолганим рост. Сериал давомида шу қўшиқ мусиқаси янграб туради. Уни эшитганимда вужудимда бениҳоя жўшқинлик, чексиз ҳаяжонни туяман. Шунингдек, буюк тарихимиздан сўзловчи ушбу сериал маълум маънода давлатимиз раҳбари таъкидлаган учинчи Ренессанс – Уйғониш даврини бошлаб берди, дейиш мумкин… Боиси “Мендирман Жалолиддин” кинофильми ўзбек халқини дунёга танитадиган юқори савияда яратилган кенг қамровли илк тарихий асар сифатида эътироф этилишига шубҳа йўқ.
Бизга шундай туйғуларни бахш этадиган ажойиб сериал учун ҳомий ва ҳамкорларимиз Ориент Финанс Банк раҳбариятига,”Боздағфильм” раҳбари Меҳмет Боздағ, маслаҳатчиларимиздан киношунос олим Шуҳрат Ризаевга ва барча иштирокчиларга самимий миннатдорчилигимизни билдирамиз…
Яқин кунларда «Миллий» телеканали орқали намойиш этиладиган ушбу сериал мухлисларимизга манзур бўлиши, унда юрагимизнинг бир парчаси борлигини ҳис этишлари ва уларда буюк ўтмишимиз, ота-боболаримизга нисбатан улуғ бир меҳр-муҳаббатнинг уйғонишидан умидвормиз.
Озодбек Назарбеков,
Ўзбекистон Республикаси маданият вазири