2021 йил glavnaya Популярные новости Мероприятия Янги Ўзбекистон

МИЛЛАТЛАРАРО ТОТУВЛИК ВА ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИКНИ ТАЪМИНЛАШГА БАҒИШЛАНГАН ТАДБИР

Жорий йилнинг 20 январь куни Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси мазмун-моҳиятига бағишланган тарғибот тадбири бўлиб ўтди. Унда Қўмита марказий ижро аппарати ва ишчи ходимлари, миллий маданий марказлар раислари ва фаоллари иштирок этишди.

Ўзининг кириш сўзида Қўмита раиси ўринбосари Азамат Тошев миллатлараро муносабатлар соҳасида Қўмита томонидан амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот берди.

Тадбирда Тошкент давлат транспорт университети «Бино ва иншоотлар қурилиш кафедраси» докторанти Санжар Қандахоров маъруза қилди.

 

 

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари ҳузурида 2020 йил 23 октябрда бўлиб ўтган йиғилишнинг 7-сонли баённомаси 10-банди ижросини таъминлаш мақсадида 15-25 январь кунлари мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш чора-тадбирлари белгиланган.          Маърузачи, ушбу чора-тадбирлар билан жойларда “Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш” ғояси остида ўтказиладиган тарғибот тадбирлари режаси тасдиқланганлигини таъкидлаб ўтди.

 

Семинар давомида иштирокчилар мурожаатномада ўз ифодасини топган Миллатларо муносабатлар соҳасидаги йўналишлар хусусида батафсил маълумотларга эга бўлишди. Таъкидландики, Мурожаатномада жамиятда миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган ишларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш бугунги давр ва замон талаби. Ўз ўрнида Президентимиз томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг резолюцияси билан ҳар йили 30 июль – Халқаро дўстлик куни сифатида кенг нишонланиши, жорий йилдан эътиборан ушбу санани Ўзбекистонда “Халқлар дўстлиги куни” деб белгилаш таклифи миллий маданий марказлар фаоллари томонидан кўтаринки руҳда кутиб олингани эътироф этилди.

 

Тадбир давомида Мурожаатномада акс этган мамлакатимизнинг ташқи сиёсатини амалга оширишда давлатимиз олиб бораётган очиқ, прагматик ва амалий ташқи сиёсатни инобатга олиб ҳамда узоқ муддатли стратегик мақсадларимиздан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолият концепцияси такомиллаштирилиши Қўмита вазифалари бўлган хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини йўлга қўйишда дастуриламал бўлиб хизмат қилиши қайд этилди.

 

Тадбир 2021 йилнинг ном берилганидан кейин ўтказилгани боис унда йилнинг “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш” йили деб номланишидан мақсад давлат хизматчилари, шунингдек тадбир иштирокчиларига тушунтирилди. Мурожаатнома шарҳланган ҳолда давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган фикр ва вазифалар қисқача мазмунда баён этиб берилди.

Тадбирда мазкур тарихий Мурожаатнома давлат ва жамият ҳаётининг турли жабҳаларини янада ривожлантириш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, тараққиётимизнинг янги босқичи учун долзарб вазифаларни белгилаб бергани қайд этилди. Энг муҳими, Президентимиз таъкидлаганидек, жамиятимизда тинчлик-осойишталик, миллатлараро тотувлик, бағрикенглик ва меҳр-оқибат муҳити ҳукм суриши барқарорлик белгиси экани айтиб ўтилди.

 

 

Тадбир доирасида давлат ва жамият қурилиши, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар, қонун устуворлигини таъминлаш, иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, ташқи сиёсатдаги устувор йўналишларга алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, маърузачи Мурожаатномада белгилиб берилган вазифалар ижросини таъминлашда тадбирда билдирилган барча тилак ва таклифларни раҳбариятга етказиш ва соҳа масъуллари билан ҳамкорликда фаолият кўрсатишга тайёр эканлигини таъкидлади.

Тадбир якунида иштирокчилар томонидан берилган саволларга атрофлича жавоб берилди.