Юртимизда жаҳон илм-фани, адабиёти тараққиётига улкан ҳисса қўшган буюк ажододларимиз хотирасини абадийлаштириш бой меросини чуқур ўрганиш, асарларида илгари сурилган эзгу ғояларни кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилаётир.
Инсон қалбининг қувончу қайғусини, эзгулик ва ҳаёт мазмунини Навоийдек теран ифода этган шоир жаҳон адабиёти тарихида камдан-кам топилади. Она тилига муҳаббат, унинг беқиёс бойлиги ва буюклигини англаш туйғуси ҳам бизнинг онгу шууримиз, юрагимизга аввало Навоий асарлари билан кириб келади.
9 февраль шеърият мулкининг султони — Алишер Навоий таваллуд топган кун. Мазкур сана муносабати билан юртимизнинг турли гўшаларида тадбирлар, учрашувлар, шеърият кечалари бўлиб ўтмокда. Алишер Навоий номи билан аталувчи Ўзбекистон Миллий боғида анъанага кўра шоир таваллудининг 580 йиллига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, турли вазирлик ва идоралар мутасаддилари, маънавият тарғиботчилари, жамоатчилик вакиллари, ўқитувчи-мурабийлар ҳамда ёшлар иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси С.Саййид Навоий даҳосининг бой илмий-маърифий меросини ўрганиш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида гапириб, юртимизда ижодкорларга кўрсатилаётган ғамхўрликларни ҳам алоҳида эътироф этди. У ўз нутқида: “Навоий бобомиз Ватан учун, халқ учун, миллат учун фидоийлик билан яшашга, меҳнат қилишга даъват этади. Кексалар ва ногиронларга ғамхўрлик қилиш, оналар ва болаларни ҳимоя қилиш, миллат генофондини яхшилаш, таълим, тиббиёт, маънавият, ватан ҳимояси, миллатлараро ўзаро дўстлик, тинчлик ва тотувлик, мамлакат тараққиёти, халқ фаровонлиги учун қандай эзгу мақсадлар лозим бўлса Мир Алишер Навоийнинг асарларида шуларнинг барчасига жавоб топилади”, — дея таъкидлади.
Алишер Навоий ижоди, унинг бой илмий-маърифий, бадиий меросини ўрганиш давом этмоқда, унинг асарлари кўплаб хорижий тилларга таржима қилиниб, алоҳида китоб тарзда чоп этилди, қатор мамлакатлар пойтахтларида Улуғ бобомизга ўрнатилган ҳайкаллар унинг бой илмий-бадиий меросига бўлган жаҳоний ҳурмат рамзи сифатида эътироф этилмоқда.
Тадбирда Афғонистон ислом Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмад Ҳолид Элмий Алишер Навоий бобомизнинг бой илмий, бадиий-адабий меросининг нақадар жаҳоншумул аҳамиятга эга эканлиги ҳақида таъкидлаб, унинг таваллуд куни қўшни Афғонистонда ҳам кенг нишонланаётганини таъкидлаб ўтди. “Буюк шоир, мутафаккир давлат арбоби ғазал мулкининг султони Алишер Навоийнинг бетакрор ижоди чуқур маъно ва мазмунга эгадир. Улуғ шоир ўзининг шеъриф ва насрий асарларида юксак умуминсоний ғояларни, туркий тилнинг сўз бойлигини бутун жозибаси билан намоён этган. У ер юзидаги минглаб китобхонлар қалбидан муносиб ўрин эгаллаган. Дарҳақиқат туркийзабон ва форсийзабон халқларни ифтихори бўлган Навоий ижоди узоқ йиллар давомида икки мамлакат икки халқ ўртасидаги дўстлик ришталарини боғлаб келган. Навоий ижоди Афғонистонда ҳам кенг ўрганилади. Ҳазратнинг таваллуд кунлари ҳам кенг нишонланади. Ўйлайманки, Навоий ижоди ўзбек ва афғон халқлари ўртасидаги дўстона алоқаларни янада ривожлантиришда давом этади”, — деди.
Тадбирда сўзга чиққанлар Алишер Навоий Шарқ ренессансининг йирик намояндаси сифатида жаҳон цивилизацияси тарихида, айниқса, туркийзабон халқлари маданий ва маънавий ҳаётининг ривожида алоҳида ўрин тутадиган ёрқин шахсдир. Хазрат Навоий ўзининг ҳаётини халқнинг илм фани ва санъатини ривожлантиришга, мамлакат равнақи, халқ ва миллатнинг тинч яшаши ҳамда давлат қудратини мустаҳкамлашга бағишлади деди дея таъкидлашди.
Тадбир иштирокчилари ўз фикрлари билан ўртоқлашишди.
Сенатор Баҳтиёр Сайфуллаев: “Бутун халқимиз, зиёлилар умуман барча-барчага бугунги кун муборак бўлсин. Бу кунларга етганлар бор етмаганлар бор. Бу кунларни орзуқиб кутган вақтларимиз бўлди. Муҳтарам президентимизнинг Алишер Навоий ҳазратлари таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги фармонлари нафақат ўзбек халқига балки бутун дунё зиёлиларига, олимларига жуда катта бир завқ улашди. Куни кеча биз “Zoom” онлайн платформаси орқали Буюк Британия парламенти вакиллари билан айни йўналишда форум ўтказдик. Инглизларнинг Навоийга бўлган эҳтироми, ҳурмати парламент аъзолари депутатлар, вазирлар чиройли ғазаллар ўқишдики, Навоий ижоди бутун дуёнда тараннум этди. Барчамизга ушбу қутлуғ байрам муборак бўлсин”.
Қозоғистон ўзбеклари этномаданий “Дўстлик” ҳамжамияти раиси Икром Ҳошимжонов: “Ҳазрат мир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган тадбирда биз ҳам Қозоғистондан 8 нафар делегация етиб келдик. Айтиб ўтиш жоизки, ўтган ҳафта Қозоғистоннинг Туркистон шаҳридаги Мир Алишер Навоий номидаги маткабда ҳам Навоий тавалуддини нишонладик. Навоийни англамоқ ўзлигимизини англамоқдир. Навоийшунос олимлар бугунги кунда Навоийни ижодини янада кенг тарғиб қилиб ёшларга ўргатиладиган бўлса биз ўйлаймизки, миллий тилимизни янада ривожлантирамиз. Биз Қозоғистон ўзбеклари ҳам Навоий ижодини кенг ўрганамиз. Қайд этиш жоизки, ўтган йили биз Абай Кунанбаевнинг 175 йиллигини нишонлаб ўтдик. Абай ҳам Навоийни ўзига устоз деб билган. Агар уларнинг шерларини бир-бирига таққослайдиган бўлсак унинг Навоий ҳазратнинг йўлидан борганлигини англаш мумкин”.
Республика маънавият ва маърифат маркази эксперти Жамила Шермуҳаммедова: “Бугун жонажон Ўзбекистонимизда улуғ байрам. Ғазаллари билан, шерлари билан бутун дунёга ўзлигимизни тарқата олган улуғ мутафаккирнинг таваллуд куни. 580 йил – бу кўпми, озми? Аммо бутун дунё учун гўё ҳазрат кеча туғилагнидек. Нега? чунки бутун дунё учун Навоий ижоди одамийлик, ватанпарварлик, садоқат каби ришталарни ўзида ифода этгани билан аҳамиятли. Оиладаги меҳр муҳаббат, жамиятдаги меҳрибонлик айнан Алишер Навоийнинг ғазалларида беихтиёр қалам билан эмас, қалб билан, юрак билан, меҳр билан ифода этилган”.
Тадбир доирасида Ўзбекистон халқ артистлари Афзал Рафиқов ва Муножат Йўлчиевалар ижросида Навоий ғазаллари билан айтилувчи шеър ва қўшиқлар ижро этилди.
Тадбир сўнгида иштирокчилар Миллий боғдаги Алишер Навоий ҳайкали пойига гуллар қўйишди
Шу куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалар қўмитасининг бир гуруҳ ходимлари ва миллий маданий марказлар фаоллари ҳам ушбу тадбирда фаол иштирок этишиб, бобокалонимизга ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйишди.