2021 йил glavnaya Популярные новости Мероприятия Янги Ўзбекистон

“Навоий ва Бобур – дўстлик ва муҳаббат куйчилари”

Жорий йилнинг 15 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида буюк аждодларимиз Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурга бағишланган “НАВОИЙ ВА БОБУР – ДЎСТЛИК ВА МУҲАББАТ КУЙЧИЛАРИ” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбир “Ўзбекистон-Қирғизистон” дўстлик жамияти ҳамда Қўмита билан ҳамкорликда ўтказилди.

Тадибирда Қўмита маъсул ходимлари, “Ўзбекистон-Қирғизистон” дўстлик жамияти фаоллари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, Республика қирғиз миллий маданий маркази аъзолари, адабиётшунос олимлар, Қирғизистон Республикасидан ташриф буюурган меҳмонлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

 

Давра суҳбатининг мақсади — Алишер Навоий ва Бобур асарларида тараннум этган дўстлик, чин инсонийлик, меҳр-оқибат, миллий ва умуминсоний ғояларни ўсиб келаётган ёш авлодга етказиш, улуғ шоирларнинг адабий-илмий меросини мамлакатимизда ва халқаро миқёсда янада кенг тарғиб этишдан иборат.

 

Қўмита раиси Рустамбек Курбанов ўзининг кириш сўзида Қўмита томонидан буюк алломаларимизнинг хотираларини ёд этиб, уларнинг бебаҳо адабий меросини кенг тарғиб этишда амалга ошираётган ишлар ҳусусида фикр юритди. Шунингдек, у ўз нутқида Ўзбекистон ва Қирғизистон давлатлари ва миллат дўстлиги, биродарлик алоқалари ривожланаётгани, икки халқнинг буюк аждодлари – Чингиз Айтматов, Мир Алишер Навоий ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби шахсларнинг асарларида асос солинган дўстликка содиқ бўлишга даъват этди.

 

“Ўзбекистон-Қирғизистон” дўстлик жамияти ижрочи директори Зуҳриддин Исомиддинов – “Дўстлик алоқалари жараёнида Навоий ва Бобур асарлари таржималарининг ўрни” мавзусидаги маърузасида Навоий ва Бобур асарларининг турли тилларга таржима қилишда миллатлараро тотувлик ва ҳамжихатлик, бағрикенглик каби тушунчаларни талқин қилиш ва китобхонларга етказиш кераклигини таъкидлаб ўтди. Навоий ва Бобурнинг адабий мероси мисолида ўзбек адабиёти ва маданиятини чуқур ўрганиш ва оммалаштириш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этишини қайд этди.

 

Тадбирда сўзга чиққан ёзувчи ва журналистлар сўнгги йилларда Навоий ва Бобурнинг бой ва серқирра ижодий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, унинг ўлмас асарларини юртимизда ва хорижий мамлакатларда кенг тарғиб қилиш борасида қатор ишлар амалга оширилаётганлигини, уларнинг сурган ғоялари ҳеч қачон эскирмаслигини эътироф этдилар.

Ўтказилган адабий-бадиий кеча аҳоли, шу жумладан болалар ва ёшларда фуқаролик бурчини англаш, ватанпарварлик, шаън ва қадр-қиммат, фуқаролик масъулияти, шунингдек, бағрикенгликка асосланган миллатлараро муомала маданияти ҳис-туйғусини мустаҳкамлашга хизмат қилади.