14 январь — Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Шимоли-ғарбий ҳарбий округ томонидан И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи олдида «Биз ёшлар – учинчи Ренессансни бирга қурамиз!» шиори остида ёшлар фестивали ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Мудофаа вазирлиги манбасига кўра, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон кенгаши ва Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон бўлими билан ҳакорликда ўтказилган фестивалда қорақалпоғистонлик ёшлар ҳамда ҳарбий хизматчилар иштирок этди.
Таъкидлаш жоизки, 2020 йил 25 декабр куни Ўзбекистон ёшлари форумида давлатимиз раҳбари “Ёшлар – келажак эгалари, мамлакатнинг улкан бойлиги, бебаҳо хазинаси, янги ренессанс даврининг қурувчилари” дея алоҳида таъкидлаб ўтган эди. Нукус шаҳрида бўлиб ўтган ёшлар фестивалига жамланган 500 дан ортиқ ёшларга Президентнинг Ёшлар форумида белгилаб берган муҳим масалалар видео орқали катта экранда ҳавола этилди.
Кўтаринки руҳда ўтган ёшлар фестивали байрамона шукуҳда концерт дастурига уланди. Ҳарбий хизматчиларнинг саф ва қўл жанги элементлари билан чиқишлари, хушкайфият улашувчи интермедиялари ҳамда Нукус гарнизони ҳарбий оркестри жамоаси ва эстрада хонандаларининг куй ва қўшиқлари ёшларга жўшқин кайфият бағишлади.