glavnaya Популярные новости

“Окс Искандарияси қаерда — Эски Термиздами, Ой-хонумдами ёки Кампиртепада?”

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 24-25 август кунлари Термиз шаҳрида “Ўзбекистон – буюк йўллар ва цивилизациялар чорраҳаси: империя, дин, маданият” мерос ҳафталиги доирасида “Ўзбекистон – цивилизациялар чорраҳаси“ номли халқаро археологик форум ўтказилади.

Ушбу нуфузли форумга 80 дан ортиқ мамлакатдан дунё илм-фани вакиллари – таниқли археолог олимлар, музейлар ва илмий институтлар раҳбарлари иштирок этиш истагини билдирган, деб хабар берди Сурхондарё вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

Форум меҳмонларини Термизда кўплаб ҳайратга солувчи кашфиётлар кутмоқда. Улардан бири академик Эдвард Ртвеладзе бошчилигидаги бир гуруҳ олимлар қадимий грек тарихчиси ва географи Птолемей асарларида ёдга олинган ва эллинистик маданиятнинг Марказий Осиёдаги ғаройиб ёдгорлиги саналган афсонавий Окс Искандарияси Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятида жойлашганлигини исботлайдилар.

Айтиш керакки, кўп йиллар давомида илмий жамоатчилик вакиллари “Окс Искандарияси қаерда — Эски Термиздами, Ой-хонумдами ёки Кампиртепада?” деган савол атрофида мунозара олиб боришган.

Нуфузли ўзбек олимлари томонидан сўнгги йилларда олиб борилган қазишма ишлари натижасида Окс Искандарияси Амударё (қадимда Окс) соҳилида милоддан аввалги IV аср охири ва милоддан аввалги I асрга қадар мавжуд бўлган порт шаҳар – Кампиртепа харобалари эканлиги аниқланди ва бу илмий дунёда кучли акс-садога сабаб бўлди.

24-25 август кунлари Термизда бўлиб ўтадиган халқаро археологик форумда бу шов-шувли кашфиёт илк марта айнан шу ерда эълон қилинади, дунё илм-фани вакиллари Кампиртепа ёдгорлигида бўлиб, қадимий археологик обида билан яқиндан танишади.

Шу кунларда вилоятда мазкур халқаро тадбирни юксак савияда, Сурхондарёга хос меҳмондўстлик билан ўтказишга пухта ҳозирлик кўрилмоқда. Нуфузли форумнинг асосий анжуманлари ўтказиладиган “Санъат саройи” ва Термиз археология музейини тайёрлаш, замонавий усулда техник жиҳозлаш ишлари якунланди. Ранг-баранг концерт дастурлари, театрлашган чиқишлар, ноёб ҳунармандчилик буюмлари кўргазмасини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Форум иштирокчилари учун меҳмонхоналарда, шунингдек, Термиз туманидаги “Фаёзтепа”, “Қоратепа” ва Музработ туманидаги “Кампиртепа” сингари қадимий меъморий ёдгорликларда зарур қулайликлар яратилмоқда. Ҳудудлар форум мавзусига мос кўргазмали воситалар билан безатилди.

– Термиз давлат университети билан ҳамкорликда ўттиздан ортиқ ўқитувчи ва талабалардан иборат таржимонлар гуруҳи шакллантирилди. Уларга воҳанинг туристик имкониятларини кенг тарғиб қилиш учун ўзбек, инглиз ва рус тилларидаги сайёҳлик харитаси ҳамда “Сурхондарё” номли журнал тайёрланди, – дейди Сурхондарё вилоят туризмни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси бошлиғи А.Хўжақулов. –  Шунингдек, йигирмадан ортиқ зиёрат, буддизм, тарихий-меъморий, тиббиёт, экологик ва маданий-кўнгилочар туристик объектлар бўйича махсус буклетлар ҳозирлаб қўйилди. Меҳмонларнинг бўш вақтини мазмунли ва мароқли ўтказиш чоралари кўрилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, “Ўзбекистон – цивилизациялар чорраҳаси“ номли халқаро археологик форум иштирокчилари қадимий ва ҳамиша навқирон Сурхон воҳасида кўплаб қизиқарли манбалар билан яқиндан танишиб, бу гўшанинг қадимдан дунё тамаддуни бешикларидан бири эканига гувоҳ бўлади.